Сурхондарё вилоятида “Солиқ билимлари – ёш авлодга” кўрик-танловининг туман ва шаҳар босқичи бўлиб ўтмоқда.
Мамлакатимизда ёшлар онгу шуурида солиқлар ҳақидаги билим ва тушунчаларни мустаҳкамлаб, уларда қонунга ҳурмат ва фуқаролик масъулиятини шакллантириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир. Умумтаълим мактабларининг 5-11 синф ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Солиқ билимлари – ёш авлодга” номли кўрик-танлов ҳам ана шундай мақсадга хизмат қилиб, ёш авлоднинг солиқ қонунчилигига оид билимларини юксалтиришга ҳисса қўшмоқда.

Танлов шартларига кўра, иштирокчи ўқувчилар солиқ мавзусини турли ижодий йўналишларда ёритиши, ўзлари тайёрлаган ранг-баранг суратлар, иншолар ҳамда замонавий ахборот технологиялари асосида яратилган видеоролик ва рельслар орқали бу борадаги қарашларини кенг ифода этиши лозим.
Мазкур талаблар ёшларнинг болаликдан солиқ маданиятини ўзлаштириши, қонунларга ҳурмат руҳида тарбия топиши ва келгусида масъулиятли, онгли солиқ тўловчи бўлиб шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.

Кўрик-танловнинг Бойсун тумани босқичида ҳам ўқувчилар ўз ижодий ишлари орқали давлат бюджети, солиқлар ва уларнинг жамият ривожидаги ўрни ҳақидаги билим ҳамда тушунчаларини намойиш этди.

Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг мавзуга оид билимлари, ижодий ёндашуви, фикрлаш маҳорати ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш даражасини муносиб баҳолади.
Танловнинг “Энг яхши расм” йўналишида 1-мактаб ўқувчиси Самира Иззатуллаева, “Энг яхши иншо” номинациясида ҳам шу мактаб ўқувчиси Осиё Акбарова, “Энг яхши видеоролик-рельс” йўналишида 33-мактаб ўқувчиси Дилбаҳор Хайруллева фахрли биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичига йўлланма олди.


Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири