Бугун мамлакатимизда ушбу тамойил асосида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари амалга оширилмоқда.
Иқтидорли ёшларни кашф қилиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида 16-25 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида «Мирзо Улуғбек ворислари» республика танлови ташкил этилди. 28 февраль кунига қадар республиканинг барча ҳудудидан танловда иштирок этиш учун 23 минг 811 та ариза қабул қилинган.
Мутахассислар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, «Мирзо Улуғбек ворислари» танлови Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги иқтидорли ёшлар ўртасида 3 босқичда бўлиб ўтади.
Биринчи босқич жорий йил февраль-март ойларида туман ва шаҳарларда ўтказилмоқда. Ҳар бир туман ва шаҳарда энг юқори натижаларга эришган 5 иштирокчи БҲМнинг 5 баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади ва кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритади.
Иккинчи босқич жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу босқичда ҳар бир ҳудуддан 20 нафар энг иқтидорли номзодлар БҲМнинг 10 баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади ва Республика босқичига йўлланмани қўлга киритади. Шунингдек, учинчи босқич май ойида ўтказилади ва унда 100 нафар ёш танловнинг Республика босқичи ғолиби деб топилади ва БҲМнинг 20 баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.
Республика босқичи ғолиблари «Улуғбек» жамғармаси томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул таҳсил олади. Курс битирувчилари ўз ҳудудларидаги ишлаб чиқариш ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларига ихтиёрий равишда ишга бириктирилади.
Танловга www.vorislar.uz веб-сайти орқали муваффақиятли рўйхатдан ўтган иштирокчилар, 1-3 март куни расмий веб-сайтда IQ-тест синовларини топширди. Ушбу босқични муваффақиятли амалга оширган ва IQ-тест синовида 110 баллдан юқори натижа кўрсатган иштирокчилар ҳудудий комиссия аъзоларининг белгилаган кунида ўз лойиҳаларини тақдимотини ўтказиши йўлга қўйилган.
Март ойининг дастлабки 15 кунида танлов республиканинг 71 туманида ўтказилган бўлиб, унда 1500 га яқин ёшлар ўз инновацион лойиҳалари тақдимоти билан иштирок этди. Ҳар бир ҳудуддаги 5 та энг яхши лойиҳа эгаси БҲМ нинг 5 баробари миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантирилди. Бу республика бўйлаб ҳозирги кунга қадар ғолиблар 292 кишини ташкил қилади ва умумий рағбатлантиришга 394 200 000 сўм маблағ сарфланган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА