Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Энг яхши рационализаторлик таклифи”: ғолиблар тақдирланди
09:40 / 2022-04-23

Навоий шаҳридаги “НКМК тарихи” музейида “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ёш ишчи-ходимлари ўртасида ўтказилган “Энг яхши рационализаторлик таклифи” танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

2018-2022 йиллар давомида комбинатда 636 та рационализаторлик таклифлари ишлаб чиқилган бўлиб, уларни амалиётда қўллаш натижасида жами 172,3 миллиард сўм иқтисодий самарадорликка эришилган.

Жорий йилда “Энг яхши рационализаторлик таклифи” танлови комиссиясига 115 нафар иштирокчидан 146 та рационализаторлик таклифи келиб тушди. Комиссия томонидан таклифлар ўрганилиб, 8 та йўналиш бўйича ғолиблар аниқланди.

Жумладан, “Геология” йўналиши бўйича Марказий кон бошқармаси “Мурунтов” кони Гамма-активлаштирилган таҳлил марказий лабораторияси бошлиғи Алишер Қўлдошов, “Кончилик” йўналиши бўйича Марказий кон бошқармаси “Ауминзо-Амантой” кони бош муҳандисининг кончилик ишлари бўйича ўринбосари Азизжон Нажмиддинов ва Шимолий кон бошқармаси бош муҳандисининг кончилик ишлари бўйича ўринбосари Нуриддин Камолов, “Олтин ажратиб олиш технологияси” йўналиши бўйича “1-ГМЗ” кон бошқармаси 1-технологик цехи бошлиғи ўринбосари Бобуржон Ҳакимов, “Механика” йўналиши бўйича Навоий машинасозлик заводи Инновацион технологиялар бўлими муҳандис-конструктори Дилшод Юсупов, “Энергетика” йўналиши бўйича “1-ГМЗ” кон бошқармаси Электроучасткасининг катта устаси Азимжон Пўлатов, “Транспорт” йўналиши бўйича Марказий кон бошқармаси 9-автокорхонаси Автомобилларнинг газ баллон жиҳозлари тизимини синаш лабораторияси бошлиғи Завқиддин Зиётов, “Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш” йўналиши бўйича “1-ГМЗ” кон бошқармаси Назорат-ўлчов асбоблари ва автоматика участкаси чилангари Алишер Авезов ва Шимолий кон бошқармаси Назорат-ўлчов асбоблари ва автоматика марказий лабораторияси муҳандиси Азамат Исамов, “Ахборот-коммуникацион технологиялар” йўналиши бўйича Шимолий кон бошқармаси Ахборот-коммуникацион технологиялар маркази муҳандис-дастурчиси Зуҳриддин Мустафоев ғолиб, деб топилди.

– Инновация, янги техник ишланмалар, рационализаторлик ишлари билан шуғулланиш учун истиқболли режалар ишлаб чиқилган бўлиб, турли танловлар орқали ёшлар мунтазам рағбатлантириб келинмоқда, – дейди “1-ГМЗ” кон бошқармаси 1-технологик цехи бошлиғи ўринбосари Бобуржон Ҳакимов. – Танловга “Қорақўтон” конининг мураккаб (углеродли ва сульфидли) рудаларини қайта ишлаш технологик схемасини такомиллаштириш” мавзусидаги рационализаторлик таклифим билан қатнашдим. Бу таклиф ишлаб чиқаришга кенг жорий этилди. Бунинг натижасида 2-сон технологик цехи М-6 тегирмонининг блок схемаси иш унумдорлиги 17 тонна/соатдан 23 тонн/соатга, флотацион концентрат ҳосилдорлиги 1,5 фоиздан 4,5 фоизгача, шунингдек, флотацион-сорбция схемаси бўйича металл олиш даражаси сезиларли ошиб, иқтисодий самарадорлик ўртача 8,7 миллиард сўмни ташкил этди.

– Айни пайтда ва келгусида комбинат фаолиятига энг замонавий технологиялар ва илмий ишланмаларни яратиш, уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш орқали катта марраларни эгаллаш мумкин, – дейди Марказий кон бошқармаси 9-автобаза лабораторияси бошлиғи Завқиддин Зиётов. – Буни чуқур англаган ҳолда мен ҳам рационализаторлик йўлини танлаганман. Бу йўлда қатор ихтироларни амалга ошириб келаяпман. “ISUZU NP 26 туридаги автобусларнинг узатмалар қутисини ечиб олиш ва ўрнатиш учун қурилма” мавзусида яратган рационализаторлик таклифим бунинг бир исботидир. Илк муваффақиятим катта саҳнада эътироф этилиб, ғолиблар сафидан ўрин олдим.

Танлов ғолибларига пул мукофотлари топширилди.

Абдували Бўриев, ЎзА