Улуғлар доим энг яхши одат бу – саёҳат, дея таъкидлайдилар. Инсон фитратида ҳам сайр қилишга мойиллик азалдан шаклланган. Маълум бўлишича, руҳиятни ҳеч бир омил саёҳатчалик кўтаринки қилолмас экан. Тадқиқотчилар ёшликда тез-тез сафар қилишни тавсия қиладилар. Негаки, бу мақсадни аниқлаштириб олишга ёрдам беради.
Қолаверса, сайрнинг соғлик учун ҳам фойдаси тенгсиз. Инсон стрессга тушмаслигининг ҳам олдини олишда унинг ўрни катта.
Шу ўринда сайр ва саёҳат бир-биридан бирмунча фарқланишини эслатиб ўтмоқчимиз. Сайр - торроқ доирада қўлланса, масалан, ҳовлида айланиб юриш ҳам сайр. Саёҳат эса кенгроқ маънода, чет элга ёки узоқроқ бирор жойга сафар қилишга айтилади.
Бироқ, бу иккисини ҳам бир маънода қўллаш нотўғри эмас. Шунинг учун ҳам биз иккисини бир ўринда ишлатмоқдамиз. Шуни айтиш керакки, саёҳат қилиш кишининг нафақат руҳига, балки жисмига ҳам қувват манбаи бўлади.
У турли касалликларнинг хусусан, қонда холестерин миқдорини меъёрлаштириб, атеросклероз ривожланиш хавфининг олдини олади.
Бугунги қизғин ҳаёт тарзида инсон ўзи учун ҳам вақт ажратиб туриши муҳим саналади. Ҳеч бўлмаса, доимий тоза ҳаволи масканларга сайр-у саёҳат уюштириб туришни оилавий йўлга қўйсак, турмуш тарзимизни янада соғломлаштирган бўламиз.
Ваҳоланки, юртимиз жаннатмакон гўша. Қадимий ёдгорликлар ҳам, замонавий иншоотлар ҳам талайгина. Қолаверса, ички туризмни ривожлантириш бўйича қатор ислоҳотлар олиб борилиб, юртдошларимизга қулайликлар тақдим этилмоқда.
Ҳар биримиз бундай имкониятлардан фойдаланган ҳолда тез-тез саёҳатга одатлансак, яшаш тарзимизда ҳам, иш фаолиятимизда ҳам ижобий ўзгаришлар ҳис этмоғимиз аниқ.
Шербек Исломов,
ЎзА