Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани Шўрқудуқ маҳалласида жойлашган 18-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида “Энг китобхон ўқувчи” танлови ўтказилди.
2023 йилнинг сентябрь ойида шу маҳаллада яшовчи тадбиркор Нишон Каримов мактаб ўқувчилари ўртасида ушбу танловни ташкил этиш ташаббуси билан чиққан эди.

Тадбиркор томонидан ўқувчиларга ўзбек ва жаҳон адабиётидаги энг машҳур 10 та бадиий асар рўйхати берилиб, танлов ғолиби замонавий компьютер жамланмаси, иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари эса китоблар тўплами билан тақдирланиши эълон қилинганди.
--- Бу ташаббус ўқувчиларимизни ниҳоятда руҳлантириб юборди,-- дейди мактаб директори Муҳаммадишариф Тўраев.-- Улар ўтган вақт давомида ушбу асарларни ўқиб, танловга астойдил тайёргарлик кўришди. Танловнинг дастлабки босқичида 50 дан ошиқ ўқувчи иштирок этган бўлса, ҳал қилувчи босқичда улар орасидан сараланган 12 нафар ўқувчи ғолиблик учун баҳс олиб борди.

-Танловнинг дастлабки шартида ўқувчилар 10 тадан тест саволларини ечган бўлса, иккинчи шартда ўзлари танлаган билетдаги парча қайси асардан олинганини айтиб, ушбу асарнинг мазмуни ҳақида қисқача сўзлаб беришди. Уларнинг натижалари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.

Якуний натижаларга кўра, 8-синф ўқувчиси Малика Ёқубова 1-ўринни қўлга киритди. Унга ноутбук ва китоблар совға қилинди. 2-ўринни Жавлон Равшанов ва Шодиёна Шерхонова эгаллади. Уларга бир миллион сўмлик китоблар топширилди.


Шунингдек, тадбиркор томонидан мактаб кутубхонасига ҳам китоблар тўплами совға қилинди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири