Сирдарё вилояти болалар кутубхонасида маънавий-маърифий фаолият самарадорлигини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ва таълим муассасаларида маънавий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган “Энг яхши китобхон – маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловда туман ва шаҳарлардаги умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари иштирок этди. Улар нафақат адабиёт ва маънавият соҳасидаги билимларини, балки мактабда китобхонлик муҳитини яратишдаги ташкилий ечим ва илғор усулларини ҳам тақдим этди.
[gallery-23977]
Натижаларга кўра, 1-ўринга Гулистон шаҳридаги 16-сонли умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари З. Раҳмонова сазовор бўлди. 2-ўринни Мирзаобод туманидаги 21-сонли умумтаълим мактабининг директор ўринбосари Л. Соатова, 3-ўринни Янгиер шаҳридаги 2-сонли умумтаълим мактабининг директор ўринбосари А. Ўлжабоева эгаллади.
Ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Танловни кузатиб, бир фикр аниқлашади. Устоз китоб ўқиса, шогирд ҳам ўқийди. Шунинг учун бу каби тадбирлар нафақат баҳолаш, балки тажриба алмашиш, илғор йўллар ва ғояларни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири