Бугунги кунда китобга меҳр, мутолаа маданиятини шакллантириш ва китобхон авлодни тарбиялаш таълим тизимининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир.
Сирдарё вилоят болалар кутубхонасида “Энг яхши китобхон мактаб” кўрик-танловининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган топшириқларига мувофиқ, ўқувчиларда мустақил ва танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, маънавий дунёсини бойитиш ҳамда соғлом ижтимоий фикрни қарор топтириш мақсадида ўтказилди.

Тадбирда вилоятнинг турли ҳудудларидан сараланган умумтаълим мактабларининг китобхон жамоалари иштирок этди. Улар нафақат китобга бўлган қизиқишларини, балки ижодкорлик, фикрлаш маданияти ва жамоавий ишлаш салоҳиятини ҳам намоён этишди.

Танлов якунида 1-ўринни Сардоба туманидан келган 16-умумтаълим мактабининг “Билимдонлар” жамоаси қўлга киритди. 2-ўринга Оқолтин туманидаги 15-умумтаълим мактабнинг “Китобсеварлар” жамоаси, 3-ўринга Гулистон шаҳридаги 6-умумтаълим мактабнинг “Зукко китобхон” жамоаси сазовор бўлди.
Ғолиб жамоалар мусобақа ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири