Навоий шаҳрида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан эълон қилинган “Инсон қадри учун” туркумидаги ижтимоий видеороликлар танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди.
Мазкур танлов Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда юртимиз тарихи, маданий меросимиз, одоб-ахлоқ қоидалари, миллий қадриятлар, эзгу фазилат ва анъаналарни ёш авлод қалбига сингдириш мақсадида ижтимоий видеороликлар яратиш бўйича таъсирчан ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилди.
– Низомга кўра, танлов икки босқичда ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унга 3 дақиқалик маънавий-ахлоқий фазилатлар, боқий анъана ва миллий қадриятлар, ижтимоий ҳамжиҳатлик, экологик маданият мавзусидаги видеороликлар тақдим этилди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат марказининг Навоий вилояти бўлими бош мутахассиси Илҳом Турсунов. – Бўлимимизга 140 га яқин ижодий ишлар келиб тушди. Ғолибларни аниқлашда видеороликда мавзунинг мазмун-моҳияти очиб берилгани, тасвир, овоз ва монтаж ишининг сифати, муаллифнинг ижодий ёндашуви ва барча тоифадаги фойдаланувчилар учун мўлжалланганлиги ва маънавий-ахлоқий қадриятларимизга зид бўлган тасвир ёки мазмун акс эттирилмаганлиги каби мезонлар эътиборга олинди.
Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра, 1-ўринни Кармана тумани ҳокимининг Матбуот котиби Жамшид Мусаев, 2-ўринни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилояти ҳудудий бўлими бош мутахассиси Илҳом Сатторов, 3-ўринни Конимех тумани Маданият бўлими бош мутахассиси Бехруз Абдураҳмонов, 4-ўринни Кармана тyманидаги 8-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитyвчиси Моҳичеҳра Исломова ва 5-ўринни Навоий кон-металлургия комбинати Марказий кон бошқармаси "Мурунтов" кони ишчиси Мирзабек Очилов эгаллади.
– Ушбу танловда экология йўналишида видеоролик тайёрладим. Унда бугунги кунда экологик муаммоларни бартараф этишда барча инсонлар бирдек масъул эканлиги, бу муаммони биргаликда ҳаракат қилсаккина бартараф этишимиз осонроқ бўлишини тасвирлашга ҳаракат қилдим, – дейди танлов ғолиби Ж.Мусаев.
Танлов ғолиб ва совриндорларига Низомда белгиланган пул мукофотлари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА.