Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва IT Park томонидан “Бир миллион дастурчи” дастури доирасида сертификациядан ўтган энг кўп ўқувчига эга 100 нафар ўқитувчилар 5 миллион 400 минг cўм миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилди.
Улар орасида Бухоро шаҳридаги 28-мактаб ўқитувчиси Зарина Умарова, 31-мактаб ўқитувчиси Ситора Шарипова, Ғиждувон туманидаги 29-мактаб ўқитувчиси Зуҳра Адизовалар ҳам бор.
Байрам муносабати билан мукофотлар ўз эгаларига тантанали топширилди. Унда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Алижон Яхшиев қатнашди. Тақдирланган ўқитувчиларнинг самарали меҳнати ўқувчиларни дастурлаш соҳасига қизиқтириш, келажакда малакали IT мутахассислар етишиб чиқишида муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 октябрдаги ПҚ-4851-сонли “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, умумтаълим муассасаларининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ўқитувчиларни рағбатлантириш мақсадида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган давлат умумтаълим мактабларининг 100 нафар энг яхши “Информатика ва ахборот технологиялари” фани ўқитувчиларини рағбатлантириш белгиланган.
Зариф Комилов, ЎзА