Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг яхши ҳужжатли фильм ижодкорлари "Chevrolet Cobalt" соҳиби бўлди
09:33 / 2022-09-10

Адиблар хиёбонида «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси» томонидан «Абадиятга айланган адабиёт» тадбири бўлиб ўтди.

Унда киноижодкорлар, олий таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этди.

Тадбир аввалида Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқиб, «Халқ юраги» туркуми остида суратга олинган фильмларга тўхталар экан, ушбу лойиҳа Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилганини алоҳида таъкидлади.

Мазкур туркумдан ўрин олган фильмлар Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Огаҳий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф каби адиб ва шоирларнинг ҳаёти, ижодий фаолияти ҳақида. Фильмлар Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ҳамда Олий таълим муассасалари ҳамкорлигида суратга олинган.

«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестиваль доирасида ўтказилган тадбир сўнгида ёзувчи, кинотанқидчи, бастакор, кинорежиссёр, оператор, ОТМ вакилларидан иборат махсус ҳайъат аъзолари томонидан энг яхши ишланган ҳужжатли фильм сараланди. Натижада, "Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон“ фильми энг яхши ҳужжатли фильм, дея топилди. Фильм режиссёри Ҳусан Рашидовга бош соврин - "Chevrolet Cobalt" автомобили топширилди.

Шунингдек, Кинематография агентлиги томонидан олий таълим муассасаларига ҳам эсдалик совғалари топширилди.

Д. Маматова, ЎзА