Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 62-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг француз тили фани ўқитувчиси Умринисо Муҳиддинова Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Энг яхши француз тили ўқитувчиси” республика танлови ғолиби бўлди.
Бу натижа муаллимага июль ойида 2 ҳафта давомида Франция давлатининг Гренобль шаҳрида амалиёт ўташ имконини берди. Халқаро С1 даражасидаги сертификатга эга биринчи тоифали ўқитувчи Умринисо Муҳиддинова 14 йиллик педагогик фаолияти давомида мактабларда француз тилини ўқитиш сифатини ошириш борасида самарали ишларни амалга оширмоқда. “Француз тили фанидан интерактив дарслар учун услубий ишланма”, “Француз тили фанидан ўқув-услубий қўлланма”, “Француз тили фанидан тўгарак машғулотлари учун услубий ишланма” каби ўқув методик қўлланмалар муаллифи, “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” танловининг республика босқичи ғолиби, кўплаб халқаро ва республика конференцияларининг фаол иштирокчиси. Ўндан зиёд методик мақолалари республика нашрларида эълон қилинган.
Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан 2020 йилда ташкил этилган иншолар танловида “Инглиз тили ўрганилаётган даврда француз тилининг жамиятдаги ўрни ва роли” мавзусидаги иншоси билан иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой олди. Муаллиманинг ўқувчилари ҳам ҳар йили бўлиб ўтадиган фан олимпиадалари ва турли кўрик-танловларнинг вилоят ва республика босқичларида фаол иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этиб келмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА