Энг яхши чавандозлар аниқланди
Тошкентдаги “Universal Horses Stable” от спорти мажмуасида конкур йўналиши бўйича ташкил этилган Ўзбекистон чемпионати якунланди. Мусобақада Наманган, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган чавандозлар ўзаро рақобатлашди.
Чемпионатнинг якуний натижаларига кўра, “А” тоифасида баландлиги 130 см. бўлган тўсиқлардан от сакратишда Хуршид Олимжонов “Chempions Liga” лақабли тулпорида биринчи ўриндан жой олган бўлса, “Б” тоифада 115-120 см. баландликдаги тўсиқлардан от сакратишда чавандозимиз “Каскат” лақабли отида иккинчи олтин медални қўлга киритди. “Д” гуруҳида эса Алишер Эркинов “Etos” номли оти билан 120 см. баландликдаги тўсиқларда энг яхши натижани қайд этди.
Шунингдек, мусобақа давомида Бекзод Қурбанов, Нуржан Туякбаев, Баҳромжон Ғозиев, Ашрафхон Ниғматов турли йўналишларда ғолиб бўлди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА