Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллигига бағишлаб “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси “Маҳалла тараққиёти учун энг яхши бизнес лойиҳа” республика кўрик-танловини эълон қилган эди.
Кўрик-танловнинг Бухоро вилояти худудий босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Вилоят бўйича “Маҳалла тараққиёти учун энг яхши бизнес лойиҳа” республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичига лойиҳа ташаббускорларидан 35 та ариза келиб тушди.
Танловга келиб тушган лойиҳаларни баҳолашда маҳалларда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва экспортни таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларга устуворлик берилди.
Ҳудудий босқич якунларига кўра, “Clean Billur” МЧЖ биринчи, “Stella Stroy Servis” МЧЖ иккинчи, “Asilbek Asadbek Lak Servis” МЧЖ учинчи ўринга муносиб кўрилди.
Тадбирда кўрик-танлов худудий босқичининг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Танловнинг республика босқичида энг яхши деб топилган бизнес лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жорий этилган тартиб асосида “Бизнесни ривожлантириш банки” томонидан имтиёзли шартларда молиялаштирилади.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири