“Энг яхши китобхон” лойиҳаси ғолибига “Nexia” автомобили совға қилинди
Қарши шаҳридаги амфитеатрда Қашқадарё вилоятида ўтказилган “Энг яхши китобхон” лойиҳасининг биринчи босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Қарши шаҳридаги амфитеатрда Қашқадарё вилоятида ўтказилган “Энг яхши китобхон” лойиҳасининг биринчи босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
2019 йилнинг 15 сентябридан 22 декабрига қадар давом этган лойиҳа доирасида ўтказилган китоб ярмаркаларида жами 350 мингдан ортиқ китоб ўз эгасини топди. 1 минг 174 нафар уй таълимидаги ўқувчиларга китоб совға қилинди. Шунингдек, ҳамкор ва ташкилотчиларга 8 минг 180 дона китоб берилди.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, муҳтарам Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган бешта муҳим ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, вилоят ички ишлар бошқармаси, халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда “Дор-ул-кутуб” маънавий-маърифий мажмуаси томонидан ўтказилган бўлиб, унда вилоятдаги деярли барча умумтаълим мактаблари иштирок этди.
Тадбир давомида сўзга чиққан “Китоб дунёси” ва “Китоб маркази” савдо тармоқ марказлари муассиси Шуҳратжон Ахунджанов ва бошқалар йиғилганларга “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси мазмун-моҳияти, фойдаси, лойиҳа давомида қайд этилган натижалар ҳақида маълумот берди. Таъкидланганидек, лойиҳа доирасида ташкилотчилар томонидан вилоятдаги 1 минг 100 дан ортиқ мактабда китоб ярмаркалари ташкил этилган бўлиб, ушбу ярмаркаларда таълим масканларида таҳсил олувчи 600 мингдан ортиқ ўқувчи, шунингдек, уларнинг ўқитувчилари ва ота-оналари учун энг сара бадиий адабиёт, болалар адабиёти ва ҳар хил фанларга оид ўқув қўлланмалари тақдим этилди. Лойиҳанинг туман босқичи якунида туманда энг яхши натижаларни қайд этган мактабларга мукофот сифатида тегишли равишда 250 минг, 500 минг, 800 минг ва 1 миллион сўмлик китоб жамланмалари топширилди.
Ниҳоят, тақдирлаш маросимида лойиҳанинг биринчи босқичи якунига кўра, энг яхши деб топилган туман Косон туман халқ таълими бўлимига “NEXIA” автомобили ва 1000 дона китоб топширилди.
– Вилоятимизнинг ўзида лойиҳа доирасида 350 минг дона китоб тарқатилибди, – дейди Косон туман халқ таълими бўлими бошлиғи Сойибжон Давидов. – Бу шунча ўқувчининг китобга бўлган меҳри ошганидан дарак дегани. Юртбошимиз шундай бир эзгу ташаббусни бошладиларки, ўқувчини китобга қизиқтиришни ўзгача йўли топилди. Масалан, бундан 3 йил илгари китоб ўқиган одамга машина берилади, деса ҳеч ким ишонмасди. Лекин бугун ушбу ҳақиқатни гувоҳи бўляпмиз. Биргина жорий йилнинг ўзида туманимизга китобхонлик ортидан иккита машина кириб келди. Яқинда туманимиздаги 15-мактаб ўқитувчиси Сурайё Шодиева “Энг ёш китобхон” танловининг республика босқичида фахрли биринчи ўринни олиб, “Спарк” автомобили билан тақдирланганди. Бундан жуда хурсандмиз. Бу каби хайрли ташаббуслар ортида ёшларимизнинг юксак салоҳиятли, билимли авлод бўлиб улғайиши каби ғоялар мужассам.
Таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.
Тақдирлаш маросимида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, шунингдек, халқ таълими тизими ходимлари ва ички ишлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи З.Мирзаев иштирок этди.