Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида энг қутлуғ айём – Мустақиллик байрами арафасида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мустақиллигимизнинг 34 йиллигига бағишлаб “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичида 50 нафарга яқин журналист ва ижодкорлар ўзларининг 200 га яқин ижод намуналари билан фаол иштирок этишди.
Танлов Навоий вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда бир гуруҳ фаол журналист ва ижодкорлар меҳнати алоҳида эътироф этилди.
Танлов ҳайъати хулосасига кўра, 5 та йўналиш бўйича 3 нафардан - жами 15 нафар ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
– Танловга вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид таҳлилий мақолаларимни тақдим этган эдим, – дейди ғолиблардан бири Дилафрўз Халилова. – Танловда ижодий ишларимнинг алоҳида эътироф этилганидан мамнунман. Бу эътибор, албатта, бизларни халқ орасида юриб, халқнинг дардини кенг омма эътиборига кўпроқ олиб чиқишга, мустақиллик неъматини қадрлаб, умрининг ҳар бир лаҳзасидан тўғри фойдаланиб, бошқаларга ҳам наф келтираётган инсонлар ҳаётини кенгроқ ёритишга ундайди.
[gallery-24904]
Тадбирда барча ғолиб ва совриндорларга ташкилий қўмитанинг турли даражадаги диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари