English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг улуғ, энг азиз байрамга муносиб совға
16:35 / 2022-08-06

“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти тизимидаги темир йўл транспорти бошқармаси ва цехларида меҳнат қилаётган темирйўлчилар касб байрамини шоду хуррамлик, меҳнат совғалари билан қарши олмоқда.

Кеча комбинатда 35 километрлик янги темир йўл линияси фойдаланишга топширилгани мустақиллик ва темирйўлчилар касб байрамига муносиб туҳфа бўлди. Очилиш маросимида сўз олган “НКМК” АЖ Бошқаруви раиси – Бош директори Қ.Санақулов, Томди туман ҳокими Қ.Алдабергенов ва бошқалар ушбу линиянинг аҳамияти ва қулайликлари ҳақида сўз юритди. Тадбирда иштирок этган кончи-металлурглар, темирйўлчилар, томдилик нуронийлар, ёшлар юз-кўзида бундан миннатдорлик руҳи намоён бўлди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, комбинатнинг малакали мутахассис ва муҳандислари, қурувчилар матонати билан қурилган бу қурилиш комбинат тарихида янги саҳифа очди. Бу, Томди туман ҳудудидаги конлардан гидрометаллургия заводига маъдан етказиб берувчи йўл бўлди. Бунинг натижасида томдилик кўплаб ёшлар ишли бўлди. Улар комбинат ўқув марказларида касбга ўқитилиб, ўқув юртларини битирган мутахассислар қаторида ишга қабул қилинди. Бундай имконият  учун ёшлар ва уларнинг ота-оналари давлатимиздан миннатдор.

– Томдибулоқ овулида яшайман. Яқин вақтгача ишсиз эдим. Темир йўл келиши менда ишга кириш иштиёқини ўйғотди. Қўлимда соҳага тўғри келадиган ҳужжатим, ҳунарим бўлмасада, ҳеч иккаланмай комбинат бўлинмасига иш сўраб бордим. Масъуллар мени яхши кутиб олиб, касбга ўқишга тавсия беришди. Белгиланган муддатда ўқиб, мана ишга жойлашдим, – дейди қувонч билан Локомотив хизмати йўл монтёри Муҳит Сраилов.

Бугунги кунда комбинат темир йўл соҳасида 2 минг нафарга яқин ишчи-хизматчи, машинист ва вагон кузатувчилари, муҳандис-техник ходимлар меҳнат қилмоқда. Комбинат балансидаги мавжуд 317 километрдан ортиқ темир йўллар орқали кунига минглаб тонна маъдан белгиланган манзилларга етказиб берилмоқда. Янги линия барпо этилиши эса корхона учун қўшимча имконият бўлди. Энг қувонарлиси, комбинатда маъдан ташиш ҳажмининг 60 фоиздан кўпроғи темир йўл транспорти ҳиссасига тўғри келади ва бу албатта, эътирофга арзигулик кўрсаткич.

– Ўтган йили ноябрь ойида комбинатимиз 5,5 миллион долларлик темир йўл қуриш техникаларини сотиб олиб, комбинат тарихида илк бор ўз кучимиз билан темир йўл қуришга киришдик. Жамоамиз буни ғоят қисқа даврда зиммасига олган улкан масъулиятни кутилганидан ҳам зиёда уддалашга эришди ва бу борада ҳам устун эканликларини намоён этди, – дейди “НКМК” АЖ бошқармаси темир йўл транспорти бўлими бошлиғи Ерали Арапбаев. 

Бугун комбинат бундай муҳим лойиҳаларни амалга ошириш йўлида шиддат билан давом этмоқда. Олдинда ҳали улкан марралар, катта ишлар, Қизилқум бағрида яшириниб ётган бойликларни ўзлаштириш, бунинг ҳисобига янги объектлар қуриш, конларни ўзлаштириш ва мана шундай йўлларни барпо этишдек муҳим вазифалар турибди. 

Бир сўз билан айтганда, комбинат темирйўлчилари Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини бугун ана шундай меҳнат зафарлари, ёруғ юз билан қарши олмоқда.

Абдумажид ЖЎРАЕВ,
“НКМК” АЖ Матбуот маркази бошлиғи.
Виктор Яковлев олган суратлар.