Нурафшон шаҳридаги амфитеатрда Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан катта байрам тадбири ўтказилди. Байрам дастури “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этди.
Байрам таровати юртдошларимиз қалбига эртанги кунга қатъий ишонч ва шукроналик туйғулари кириб боргани шубҳасиз. Унда қатнашган меҳмонлар орасида эл-юрт хизматида бўлган турли соҳа вакиллари, нуронийлар, сенаторлар, депутатлар, ижтимоий-иқтисодий, маиший соҳаларда самарали меҳнат қилаётган инсонлар жам бўлди.
Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев барчани энг улуғ, энг азиз байрам билан самимий табриклади. Тўйга тўёна билан келиш миллатимизга хос бўлган эзгу қадрият ҳисобланади. Ана шу анъанага содиқ қолган ҳолда вилоятда эришилган натижалар ва ютуқлар мамнуният билан тилга олинди.
Қайд этилганидек, ҳудудда банд аҳоли 94,8 фоизни ташкил этди. Камбағал оилалар сони 2021 йилда 17,4 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб 6 фоизга камайди.
Тадбиркорлик субъектлари сони 45 мингта етди, 5,8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди, 6,9 миллиард долларлик экспорт амалга оширилди. Аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш дастурлари доирасида 654 та кўп қаватли уйларда 27 минг 124 та хонадон фойдаланишга топширилди.
Сўнгги уч йилда 180 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди, 581 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланди. Жойларда 9 минг 70 километр йўл ва 135 та кўприк таъмирланди. Вилоятда туризм йўналишида жами 9,4 триллион сўм маблағ ўзлаштирилди.
– Бу муваффақиятлар замирида Тошкент вилоятининг бағрикенг халқи, забардаст тадбиркорлари, заҳматкаш фермерлари, зиёлилари ва ижодкорлари ҳамда шижоатли ёшларининг машаққатли ва шарафли меҳнатлари ётганлигини биламиз ва юксак қадрлаймиз, – деди Зойир Мирзаев. – Албатта, бу қилинган меҳнатлар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор туфайли юксак қадр топмоқда. Йил бошидан бери жами 51 нафар вилоятимиз вакиллари давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди. Яқиндагина нишонланган “Тадбиркорлар куни” ва “Мустақиллик байрами” арафасида яна 35 нафар вакилларимизнинг кўксини ватаннинг юксак мукофотлари безади. Жорий йилнинг июнь ойида вилоятимизга ташриф буюрган Президентимиз бир қатор шаҳар ва туманларимизда амалга оширилаётган ишларни “Ислоҳотлар штаби учун тайёр андоза” сифатида алоҳида эътироф этди. Шубҳасиз, бу эътироф Тошкент вилояти халқи учун катта шараф ва ифтихордир. Муҳими, келгусида Давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор йўналишлар, яъни сифатли таълим, бизнесни ривожига кенг йўл, коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан яхшилаш ва экологик барқарорликни таъминлаш масалалари фаолиятимизнинг бош мезони бўлади.
[gallery-25081]
Байрам тантанаси аввалида Давлат мадҳияси янгради. Барча фахр ва ифтихор билан мадҳиямиз садоларига жўр бўлди. Шундан сўнг асосий концерт дастури бошланди. Тошкент вилояти маданият бошқармаси ташаббуси билан истеъдодли ёш ижрочилар, эстрада ва мақом санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар томонидан қўшиқлар ижро қилинди. Само узра нур таратган мушаклар ёғдуси кўнгилларга қувонч ва шодлик ҳисини тақдим этди.
Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги байрами тантаналари барча жойларда кўтаринки кайфиятда ўтказилмоқда.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА