Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг қутлуғ, ягона сўзим ватандир
18:24 / 2022-08-05

Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда “Бу ёруғ оламда Ватан биттадур!” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги олдидан Ҳарбий қисм раҳбарияти, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими ҳамда “Ветеран” афғон уруши фахрийлари кенгаши ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ташкил этилган тадбирда ҳарбий хизматчилар, журналистлар, афғон уруши фахрийлари ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, улар учун яратилган имкониятлар, аскарларнинг жанговор ва сиёсий билимларини, маънавиятини юксалтириш, истиқлол неъмати, она Ватанни ардоқлаш, инсон шаъни ва қадрини улуғлашга қаратилган ибратли ишлар хусусида сўз юритилди.

– Ватанимиз мустақилликка осонликча эришгани йўқ, – дейди фахрий журналист Саида Аҳмаджонова. – Мен узоқ йиллар вилоят ички ишлар бошқармасининг “Садоқат” газетасида муҳаррир бўлиб ишлаганман. Мустақиллигимиз эълон қилинганидан кейин дастлабки ўн йиллар давомида истиқлолимизни, юртимиз равнақини кўролмаган қанча-қанча қора кучлар, диний экстремистлар мустақиллигимизга, тинч ҳаётимизга чанг солганини кўпчилик яхши эслайди. Улар билан бўлган жангларда қанча мард ўғлонларимиз қурбон бўлди.

[gallery-8179]

Унутмайлик, улар шу азиз Ватан, мустақиллик учун азиз жонларини фидо қилди. Уларнинг, қолаверса, истиқлол йўлида жон фидо қилган минглаб аждодларимизнинг хотираси ҳаққи ҳурмати Ватанимизни ҳар қандай ёвуз кучлардан асраб-авайлашимиз, севишимиз, ардоқлашимиз, яқинларимизнинг тинчлиги ва фаровон яшашлари учун юрт ҳимоясига ҳамиша камарбаста бўлишимиз лозим.

Журналистлар, афғон уруши фахрийлари ҳарбийларга истиқлол солномаларини ҳаётий мисоллар асосида гапириб берди.

Бу қуёш бор экан тирикдирман мен,

Бу кўнгил энтикиб яна Ватан дер.

Қалбимнинг энг чуқур ерида ётган,

Энг қутлуғ, ягона сўзим Ватандир.

“Андижанская правда” газетаси бўлим мудири Шефия Иманқулова шоир Хуршид Давроннинг Ватан ҳақидаги юқоридаги шеърини ўқиганида шубҳасиз, ҳар бир қатнашчининг қалбида она Юртга бўлган меҳри, садоқати янада ортди.

Тадбирда ёш ижодкорлар ва аскарлар томонидан она Ватан, юрт ҳимоячиларини мадҳ этувчи, шунингдек, меҳр-оқибат, севги ва садоқат мавзуларида ўқилган шеърлар барчада катта таассурот қолдирди.

Ҳарбийлар, журналист ва афғон уруши фахрийлари ўртасидаги самимий ва дилдан кечган суҳбат аскарларга улкан маънавий озуқа бериш билан бирга, қалбларида эзгулик, она Ватанга ҳурмат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА