Нурота тумани Навоий вилояти марказидан олисда жойлашган ҳудуд бўлиб, ҳозирда 25 та маҳаллага 17 минг 925 та маиший газ баллон орқали суюлтирилган газ тарқатилмоқда.
Туманда истеъмолчилар сони кўплиги боис газ баллонларни тарқатиш учун 5 та транспорт воситаси ажратилган. 2022 йилнинг айни вақтига қадар аҳоли эҳтиёжи учун 74 тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб берилди. “Темирқовуқ”, “Сентоб”, “Каттасой”, “Сувлиқ”, “Орасой”, “Авазсой”, “Қадоқ”, “Бўстон”, “Қизилча” ва “Янгитурмуш” маҳаллалари туман марказидан 40-120 киломтер узоқликда жойлашган. Ҳар қандай об-ҳаво ва шароитда ушбу ҳудудларга режа-графикка асосан белгиланган муддатларда газ баллон олиб борилади.
– Бизнинг маҳалламиз “Қадоқ” маҳалласидан яқинда ажралиб чиқиб, 6 та қишлоқдан иборат, – дейди “Бўстон” МФЙ раиси Эшмуҳаммад Сафоев. – Маҳалламиз туманнинг энг чекка ҳудуди саналиб, туман марказидан 50 километр узоқликда жойлашган. 31 та оилада 2780 нафар киши истиқомат қилади. Аҳолимизга асосан суюлтирилган газ баллонларда келтирилади. Ҳозирча газ баллони ўз вақтида келтирилиб, олдиндан шакллантирилган рўйхат асосида тарқатилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2021 йилда туманда истеъмолчилар 94 нафарга кўпайган. Улар билан янги шартнома имзоланган. Барча истеъмолчиларга газ баллон тарқатилаётган вақтда хонадонида бўлиши ва харид учун тақдим қилинган картасида маблағ шакллантириши кераклиги, нақд пулда ҳисоб-китоб қилинишига йўл қўйилмаслиги тушунтирилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА