Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 33 йиллиги арафасида ўтказилган танловнинг очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни, айниқса, маҳалла ёшларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
Айни кунда Андижон вилоятидаги 900 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинида иш олиб бораётган Ёшлар етакчилари маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, маҳалла ёшлари муаммоларини аниқлаш, ижобий ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.
Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилоят бошқармаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган ёшлар етакчилари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашишларига кўмаклашиш, уларнинг илғор иш услубларини оммалаштириш, фаол ва ташаббускор етакчиларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида 10 та номинация бўйича танлов ўтказилди.
Танловда туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 160 нафар ёшлар етакчиси йил давомида амалга оширган ишлари, келгусидаги режалари бўйича ўз тақдимотлари билан иштирок этди.
Якуний натижаларга кўра, 10 та номинация бўйича ғолиб деб топилган маҳалла ёшлар етакчилари танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
[gallery-26474]
– Танловда “Ёшлар баланси” тизими билан самарали иш ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси” номинацияси бўйича ғолиб деб топилдим, – дейди Андижон шаҳридаги “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғини Ёшлар етакчиси Юнусбек Абдуғоффоров. – Маҳалламизда 14-30 ёшдаги 1 минг 70 нафар ёш истиқомат қилади. Ўрганишлар давомида 100 дан ортиқ ёшнинг турли муаммолари борлиги аниқланди. Жорий йилнинг ўтган даврида 98 нафар ёшнинг муаммоси ижобий ҳал этилди. Ўзаро тажриба алмашиш, илғор иш услубларини ўрганиш имконини берган танловда ғолиб бўлганлигим зиммамга катта масъулият юклайди. Тенгдошларим билан янада самарали ишлаш учун бор имкониятларимни ишга соламан.
Танлов ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари