Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг намунали маҳалла раиси аниқланди
15:39 / 2024-03-06

Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида “Энг намунали маҳалла раиси” кўрик- танловининг Тошкент вилояти босқичи ўтказилди.

Мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган мазкур ташаббусдан кўзланган мақсад ҳудудлардаги маҳалла раисларининг илғор тажрибаларини оммалаштириш, тизим ходимларининг фаолият самарадорлигини ошириш ва рағбатлантиришдир.

Танловнинг вилоят босқичигача номзодлар дастлаб сектор, кейин туман ва шаҳар босқичларида ўзларининг касбий билим кўникмалари, маҳорат ва зукколиги бобида ўзаро куч синашган эди. Айни пайтда ҳудудда 1 минг 25 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларда 677 минг 508 та хонадон бор, оилалар сони 854 минг 966 тани ташкил этада.

Тадбирда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва вилоят бошқармаси масъуллари, Тошкент вилоят ҳокимлиги вакиллари, вилоят Нуронийлар жамғармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ходимлари иштирок этди.

[gallery-16265]

Танловда 3 шарт асосида – маҳалла раисларининг фаолиятига оид тақдимот, соҳага оид савол-жавоб ҳамда эркин мавзу бўйича қатнашчиларнинг билими синовдан ўтказилди.

Ҳакамлар ҳайъати натижаларига кўра, биринчи ўринни Бекобод туманидаги Гулистон маҳалласи раиси Каримжон Мамадалиев эгаллади. Олмалиқ шаҳридаги Ислом Каримов номидаги маҳалла раиси Алишер Ҳотамов иккинчи ва Пискент туманидаги Бекобод маҳалласи раиси Гулбаҳор Ғуломжонова эса учинчи ўринга муносиб кўрилди. 

– Муҳими, бу танлов орқали бошқа ҳамкасбларим билан тажриба алмашдим, – дейди “Гулистон” МФЙ раиси К.Мамадалиев. – Ҳудудимизда 3 минг 755 нафар аҳоли яшайди. Улар билан фаол ишлашга ҳаракат қиламан. Маҳалламиз деҳқончилик ва чорвачиликка ихтисослашган. Шу боис, “маҳалла еттилиги” билан ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Шу кунларда масъуллар билан биргаликда ўрганишларимиз натижасида биринчи навбатда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 150 нафар ишсиз фуқарога 10 сотихдан ер ажратиб берилди. Мақсадимиз тадбиркорликнинг камхарж усулларини ўргатиш орқали иссиқхоналардан мўл ҳосил олиш ва даромад топишдир. 

Танлов давомида санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади. 

А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА мухбирлари