Жиззахда ҳарбий қисм ва муассасалардаги Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари ўртасида “Энг намунали бошланғич ташкилот етакчиси” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида ўтказилган мазкур танловда турли ҳарбий тузилмалардан иштирок этган етакчилар беллашишди.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳарбий жамоаларда ижтимоий-фаол муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда ташаббускор, масъулиятли ва намунали етакчиларни рағбатлантиришдир.
[gallery-26436]
Ушбу танловда Мудофаа вазирлиги, ДХХ чегара қўшинлари, Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, ички ишлар ва божхона бошқармалари рўйхатидан 15 нафар етакчи иштирок этди. Улар лойиҳалар тақдимоти, ҳужжат юритилиши, фотоальбомлар, тест синовлари ва амалий кўникмалар бўйича баҳоланишди.
— Танловнинг асосий қиммати — ҳар бир бошланғич ташкилотдаги ёшлар етакчиларининг қобилиятларини очиш.
Ҳарбий жамоаларда ёшлар билан ишлаш масъулият талаб қилади, шу боис етакчи ташаббускор, намуна бўла оладиган ва жамоани бирлаштира оладиган даражада бўлиши зарур, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят кенгашининг ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлимининг бошлиғи подполковник Раҳмонжон Очилов.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, биринчи ўрин Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм ёшлар етакчиси майор Нуриддин Одиловга насиб этди. Энди у республика босқичида Жиззах вилояти шарафини ҳимоя қилади.
Иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда Жиззах вилоят божхона бошқармаси ёшлар етакчиси капитан Шерали Муяссаров ҳамда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёшлар етакчиси лейтенант Сардорбек Сафаровлар қўлга киритишди.
Ғолиблар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари