Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг муносиблар тақдирланишди
19:06 / 2025-08-23

Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда журналистлар, ижод аҳли, турли ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирок этишди.

Тантанада сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси масъул котиби Келдиёр Тўлиев, Сирдарё вилояти ҳокимлиги туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти мудири Зафар Мирраҳимов ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев танлов юксак савияда, Низом талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказилганини, ғолибларни аниқлаш жараёни адолат мезонларига асосланган тарзда амалга оширилганини таъкидлашди.

Бу йилги кўрик-танловда вилоятда фаолият юритаётган 40 дан ортиқ ижодкорлар иштирок этиб, 400 дан зиёд ижодий иш тақдим этишди. Шуларнинг 200 дан зиёди интернет журналистикаси йўналишидаги мақола ва материаллардан иборат бўлди. Барча йўналишларда тақдим этилган ишлар нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан холис баҳоланди.

Натижаларга кўра, “Босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари” номинациясида — “Маърифат ва ёшлар” газетаси бош муҳаррири Алишер Нурбоев, “Телерадио ижодкорларининг материаллари” йўналишида — вилоят телерадиокомпанияси мухбири Нигора Имомқулова, “Интернет журналистика” йўналишида — Вилоят солиқ бошқармаси жамоатчилик билан ишлаш шуъбаси бошлиғи Илғор Халилов, “Публицистик мавзудаги китоблар муаллифи” йўналишида — Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Норинсо Қосимова, “Тасвирий санъат, фото асарлар ва дизайн ишлари” йўналишида — “Минтақа” МЧЖ раҳбари, фотомухбир Маматкарим Абдумўминов, Шоир ва ёзувчиларнинг бадиий асарлари йўналишида — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳаким Абдуллалар танлов ғолиби дея эътироф этилди.

Ғолибларга Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан таъсис этилган диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

–  Бу танлов нафақат ижодкорларни рағбатлантиради, балки уларни янада масъулиятли ва сермаҳсул меҳнат қилишга ундайди, –  деди ғолиблардан бири, фотомухбир Маматкарим Абдумўминов. –  Асосийси, бизнинг фото асарларимиз ва дизайн ишларимиз орқали юртимиз тараққиёти, оламшумул ўзгаришлар, инсонларнинг ҳаётидаги қувончли дамлар ўзига хос тарзда акс эттирилади. Бу муваффақият мен учун янги ижодий изланишларга йўл очади.

–  Мустақиллик — бизнинг энг улуғ ва азиз бойлигимиз. Журналист сифатида ҳар бир мақолам орқали шу бойликни асраб-авайлаш, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг билим ва маънавиятини оширишга ҳисса қўшишга интилиб келаман. Бу танловда ғолиб бўлиш мен учун катта масъулият, чунки бу юртимиз истиқболини ёритишда янада фаол ва самарали ишлашим зарурлигини эслатади, –  дея таъкидлади “Маърифат ва ёшлар” газетаси бош муҳаррири Алишер Нурбоев.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири