Энг муносиблар ғолиб бўлди
Урганчда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2015” республика кўрик-танловининг Хоразм вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Урганчда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2015” республика кўрик-танловининг Хоразм вилояти босқичи бўлиб ўтди.Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, чет эл инвестицияларини жалб этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда ҳунармандлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Хоразм вилоятида айни пайтда 10 мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти, 5 минг 666 фермер хўжалиги, беш юзга яқин ҳунарманд фаолият юритмоқда. Уларнинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши тобора ортиб бормоқда.
Урганч шаҳридаги “Урганч Бахмал” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳодир Аҳмедов “Йилнинг энг яхши тадбиркори”, Боғот туманидаги “Боғот” фермер хўжалиги раҳбари Шарифбой Ражабов “Йилнинг энг яхши фермери”, Янгиариқ туманидан кошинчи уста Алланазар Саъдуллаев “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинацияларида биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Мамлакатимизда ҳунармандларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилган, – дейди “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинацияси ғолиби А.Саъдуллаев. – Кошинларни бундан минг йил олдин аждодларимиз қандай ясаган бўлса, биз ҳам худди шу усулда тайёрлаймиз. Умрбоқий нақшлар билан безатилган кошинлар бугунги кунда ҳам шаҳарларимиздаги янги иморатларга кўрк бағишламоқда. Айни пайтда маҳсулотларимизни АҚШ ва Европа мамлакатларига экспорт қилмоқдамиз.
Танловда “Ёшларга янги иш жойлари яратган энг яхши тадбиркор”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Менинг юртим – менинг ифтихорим”, “Энг намунали солиқ тўловчи” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.