Нукусда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Унда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 51 нафар иштирокчи ўзаро беллашди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Ўтемисов, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Турмановлар сўзга чиқишиб, иштирокчиларга муваффақиятлар тилашди.
Таъкидланганидек, мазкур танлов маҳаллаларда ободлик ва фаровонликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, қўшничилик анъаналарини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият этмоқда.

Танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 452 та маҳалла, 8 мингдан зиёд оила, шунингдек, 3 минг нафардан ортиқ кўчабоши фаол иштирок этди.
“Обод хонадон” ва “Обод кўча” номинациялари бўйича 9 нафар иштирокчи ҳакамлар ҳайъати аъзоси томонидан холис баҳоланиб, ғолиблар аниқланди.

“Обод маҳалла” йўналишида эса иштирокчилар биринчи шарт доирасида 5 дақиқалик видеоролик тақдим этди. Иккинчи шартда маҳалла раисларининг соҳага оид билими ва дунёқараши махсус саволлар орқали баҳоланди.
Танлов якунида “Обод хонадон” номинациясида Кегейли туманидаги Ғужим терак маҳалласидан Замира Саъдуллаева, “Обод кўча” номинациясида Кегейли туманидаги Маданият маҳалласидан Марат Давлатмуратов, “Обод маҳалла” номинациясида Кегейли туманидаги Маданият маҳалласи раиси Лизахон Ўрозбоевалар биринчи ўринни эгаллашди.
Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан муносиб тақдирланди. Ҳар уч номинация бўйича биринчи ўринни қўлга киритган иштирокчилар танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири