Шу кунларда халқимиз улуғ айём – Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрамини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Мазкур шонли сана муносабати билан мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида турли маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар, концертлар, фестиваль ва кўрик-танловлар ўтказиляпти.
Ҳар йили Истиқлол шодиёнаси кунлари олдидан журналистлар ва ижодкорлар ўртасида ўтказиб келинадиган “Энг улуғ, энг азиз” танлови ҳам анъанавий тадбирлардан бирига айланган.
Жорий йил ҳам Мустақиллигимизнинг 32 йиллигига бағишлаб Навоий вилоятида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичида журналист ва ижодкорлар фаол иштирок этди.
Бу йилги танлов Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти ҳамда вилоят телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда бир гуруҳ фаол журналист ва ижодкорлар меҳнати алоҳида эътироф этилди.
Бу йил танловга 50 нафарга яқин ижодкорларнинг 150 дан зиёд ижодий ишлари қабул қилинди. Танлов ҳайъати хулосасига кўра, 5 та йўналиш бўйича ўринлар кесимида жами 15 нафар ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими Навоий шаҳридаги “Ёшлар медиа маркази”да ўтказилди. Тадбирда бир гуруҳ устоз ижодкорлар сўзга чиқиб, бугунги кунда матбуот соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган фаол, жонкуяр журналист ва ижодкорларнинг фидокорона меҳнатларини алоҳида эътироф этди.
Тантанали тадбирда “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичида фаол иштирок этиб, ғолиб бўлганлар номи эълон қилиниб, уларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
[gallery-13284]
Кўрик-танловнинг “Босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари” йўналиши бўйича “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари мухбири Дилафрўз Қўшоқова, “Интернет-журналистика” йўналишида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Навоий вилояти бўйича шарҳловчиси Абдували Бўриев, “Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари” йўналиши бўйича Навоий вилояти телерадиокомпанияси мухбири Зебо Жиянова, “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари” йўналишида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Раъно Раббимова, “Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари” йўналишида “Саломатлик” газетаси саҳифаловчиси Лобар Мадиевалар фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
Кўрик-танлов сўнгида санъаткорлар томонидан ижро этилган дилбар куй-қўшиқлар тадбирга байрамона шукуҳ бахш этди.
Отабек Аслонов,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси
Расмлар муаллифи Сирож Аслонов, ЎзА