Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрами олдидан анъанавий “Энг улуғ, энг азиз!” республика кўрик танловининг Хоразм вилояти босқичи ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.
Танловнинг вилоят босқичига 100 дан ортиқ ижодий ишлар тақдим қилиниб, босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари, Радио телевидение ижодкорларининг материаллари, интернет журналистикаси, ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, тасвирий санъат, фото ва дизайн ишларидан иборат 6 йўналишдаги иштирокчилардан ғолиблар саралаб олинди.
“Хоразм ҳақиқати” – “Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Солияжон Раҳимберганова, Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг муҳаррирлари Шаҳноза Қаландарова, Суҳбат Маткаримов, “8 ТВ” хусусий телеканали мухбири Ҳуснора Рустамова, “S Ikbol” телерадиоканали мухбири Севара Раҳматуллаева ва бошқа ёзувчи, шоир, рассомлар ижодий ишлари муносиб эътироф этилди.
– Мазкур танловда ҳар йили фаол қатнашишга ҳаракат қиламан, – дейди Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг муҳаррири Суҳбат Маткаримов. – Бу галги танловда ҳам 2022 йилнинг 1 августидан 2023 йилнинг 1 августига қадар Хоразм радиосида эфирга узатилган туркум радиоэшиттиришларим билан иштирок этдим. “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни мужассам этишга, янгиланаётган мамлакатимизда рўй бераётган катта ўзгаришларни халқимизга, радиотингловчиларга етказиб беришга ҳаракат қилдим. Кичик меҳнатим, катта эътирофга сазовор бўлганидан жуда хурсандман.
[gallery-13230]
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат) ЎзА.