Бухорода жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган аҳоли ҳамда ёшлар ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи кубоги мусобақаси бўлиб ўтди. Унда 200 нафарга яқин иштирокчилар ўзаро баҳслашди. Қизғин ва муросасиз ўтган “ақл жангида” энг яхшилар саралаб олинди.
Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, секторлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари қатнашди.
Тадбирда баркамол авлодни тарбиялаш, спорт турлари, хусусан, шахматга берилаётган катта эътибор ва ғамхўрлик натижасида ўзбекистонлик шахмат усталарининг халқаро майдонда юксак марраларни забт этаётганини таъкидланди. Жисмоний мукаммаллик учун спорт қанчалик муҳим бўлса, ақлий салоҳият учун шахмат шунчалик зарурлиги қайд этилди.
[gallery-12174]
– Спортнинг шахмат тури бўйича имконияти чекланганлар ўртасида ўтказилган Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи кубоги мусобақасида иштирок этган 200 нафарга яқин ёшлар орасидан фахрли иккинчи ўринни эгаллаб диплом, медал ҳамда ноутбук билан тақдирландим, – дейди Олот тумани Арабхона маҳалласининг иқтидорли ёши Лазиз Рўзиқулов. –Бундан бошим кўкка етди. Жуда ҳам хурсандман. Давлатимиз томонидан биз, ёшларга берилаётган имконият дунёнинг биронта давлатида йўқ. Бунинг учун Юртбошимга раҳмат айтаман. Ўз устимда ишлаб мусобақаларда фаол иштирок этаман.
ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи кубоги мусобақаси якуний натижаларига кўра, ғолиб ва совриндор ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА