Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт саройида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, вилоят ҳокимлиги, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамда Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси ҳамкорлигида Ибодулла Раҳмонов хотирасига бағишланган юнон-рум кураши бўйича II анъанавий халқаро турнир бўлиб ўтди.
Ибодулла Раҳмонов 1955 йилнинг 17 июнь санасида Навоий шаҳрида туғилган. У юнон-рум кураши бўйича Навоий шаҳридан етишиб чиққан биринчи спорт устаси бўлиб, 40 йилдан ортиқ вақт давомида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатиб, мамлакатимиз спорти ривожига улкан ҳисса қўшган. Ибодулла Раҳмонов меҳнат фаолиятини 1977 йилда Навоий кон-металлургия комбинати касаба уюшмаси ҳузуридаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида юнон-рум кураши бўйича мураббий сифатида бошлаб, кейинчалик болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори, Навоий вилояти жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси лавозимларида ишлаган.
[gallery-12158]
И.Раҳмонов “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси”, шунингдек, “Халқ маорифи аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Халқаро турнирда 2005-2007 йилларда туғилган 150 нафар ўсмир 10 та вазн (45, 48, 51, 55, 60, 65, 71, 80, 92, 110 кг) тоифасида ўзаро беллашди. Мусобақада Қозоғистон ва Тожикистон давлатлари, шунингдек, юртимизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган юнон-рум курашчилари иштирок этди. Мусобақа сўнгида барча вазн тоифасида ғолиблар муносиб тақдирланди. Шунингдек, спорт тадбирида иштирокчилар “Юнон-рум курашини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун”, “Энг фаол ташкилотчи”, “Энг фаол ҳакам”, “Энг чиройли ғалаба”, “Энг жонкуяр мураббий” ҳамда “Энг аҳил жамоа” номинациялари бўйича ҳам рағбатлантирилди.
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат), ЎзА