Андижон вилояти Избоскан туманида хотин-қизлар ўртасида гимнастрада мусобақаси бўлиб ўтди.
Халқаро оила куни ҳамда мамлакатимизда ўтказилаётган “Оилаларни мустаҳкамлаш ойлиги” дориасида 16-30 ёшдаги хотин-қизларни оммавий тарзда жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, опа-сингилларимизнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида ўтказилган гимнастрада мусобақасида тумандаги қатор муассаса, корхона, ташкилотлар, спорт мактаблари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари жамоалари иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.
– Гўзаллик ва спорт байрамига айланган гимнастрада мусобақасида опа-сингилларимиз, айниқса, уй бекаларидан ташкил топган маҳаллалар жамоалари фаол иштирок этди, – дейди Избоскан тумани оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Назирахон Қобилова. – Ушбу мусобақа опа-сингилларимизнинг нафақат соғлом бўлишига, иқтидор ва маҳоратларини намоён этишларига, балки ижтимоий фаоллигини оширишга ҳам хизмат қилди.
Қизиқарли баҳслар, ўзига хос чиқишлар асосида ўтган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, тумандаги Амир Темур маҳалласининг “Беғубор қизлар” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Мусобақада иккинчи ўрин “Лочинлар", учинчи ўрин эса "Камолот" жамоаларига насиб этди. Ғолиблар, турли номинациялар бўйича совриндорлар мусобақа ташкилотчилари томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА