Навоий вилоятида Адлия бошқармаси тасарруфидаги муассасаларда фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг касбий билим ва малакасини, шунингдек, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, фаол, етакчи ходималарни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган “Адлия аёли” кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танловнинг вилоят босқичида 15 нафар хотин-қиз иштирок этди.

– “Адлия аёли” танлови ўз номи билан эътирофга сазовор, – дейди вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Дилдора Каттаева. – Танловимизда жамиятда ўзининг илғор фикри, кенг дунёқараши ва ҳуқуқий билими билан ажралиб турадиган хотин-қизларимиз иштирок этди. Нафосат беллашуви тизим ходимларининг касбига бўлган садоқати, жонкуярлиги, бекалик маҳоратига кўзгу тутди, десак муболаға бўлмайди.

Тест синовларида иштирокчилар меҳнат фаолиятига оид саволларга жавоб излади. Айниқса, жамият ривожи ва халққа осон бўлиши учун қабул қилинаётган қонунчиликка берилган таклифлар ҳакамлар ҳайъатида катта қизиқиш уйғотди. Энг сўнгги шартда эса хотин-қизларнинг бекалик қобилиятига баҳо берилди.
Ҳакамлар ҳайъатининг якуний қарорига кўра, Хатирчи тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти Маржона Санақулова биринчи, Учқудуқ тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти Дилдора Рустамова иккинчи ва вилоят идоравий нотариал архив иш юритувчиси Дилсора Эшмирзаева учинчи ўринга муносиб топилди.

Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА.