Энг муносиблар ғолиб бўлди
Бухорода жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Мусобақа 2002, 2006, 2007, 2010, 2011 ҳамда ундан кичик ёшдаги кўриш имконияти чекланган ўғил-қизлар ўртасида бўлиб ўтди.
Мамлакат чемпионатида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидан жами 54 нафар спортчи ғолиблик учун дона сурди. Ҳар бир жамоа таркибига 6 нафар иштирокчи, яъни уч нафар ўғил бола ва худди шунча қизлар киритилган.
Олти кун давом этган чемпионат қизғин баҳсларга бой кечди.Мусобақа якунида умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўринни Самарқанд вилояти жамоаси, 2-ўринни мезбонлар – Бухоро вилояти жамоаси, 3-ўринни Фарғона вилояти ёш шахматчилари эгаллади.
Зариф Комилов, ЎзА