French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг муҳим ва ҳал қилувчи омил, бу демократик ислоҳотлар йўлидир...
11:52 / 2022-09-04

Қурилишга яраша бурилиш бўлиши мақсадга мувофиқ. Қурилиш моддийлик маъносида бўлса, бурилиш онгу тафаккурдаги эврилишдир. Янги Ўзбекистон ва Учинчи ренессанс тушунчаларида ана шу ҳар иккала асоснинг моҳияти мавжуд. Демак, табиийки, бу бунёдкорликнинг ўзига хос шарти ва мезонлари бўлиши табиий. Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан ўзларининг табрик нутқида Президентимиз бунинг жавобини шундай келтирдилар.

«Энг муҳим ва ҳал қилувчи омил, – бу демократик ислоҳотлар йўлидир... Янги Ўзбекистонни барпо этишда азму шижоатли ёшларимизни халқимизнинг чинакам таянчи ва суянчи, деб биламиз».

Демак, очиқлик ва ошкоралик асосида олиб бориладиган сиёсат ва ислоҳотлар ҳамда ёшларнинг интеллектуал қобилияти ва яратувчанлик салоҳияти истиқболнинг ҳам, истиқлол ва иқболимизнинг ҳам мазмун-моҳиятини белгилайди.

Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистоннинг «қалбу қиёфати» ҳақида сўз юритиб, у ҳар бир фуқаронинг ҳаётини яхшилаш, давлат хизматларидан фойдаланиш, одамлар ўз муаммолари ҳақида очиқ гапириб биргаликда ҳаракат қилишлари учун шароитлар яратиш, адолатни сўзсиз таъминлаш, қонун олдида тенг бўлиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратишни мақсад қиладиган давлат эканини эътироф этди. Янги Ўзбекистон деганда, ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган, очиқ ва адолатли жамият тушунилишини уқтирди.

Президентнинг табрик нутқи даъваткор нутқ сифатида ҳам катта аҳамият касб этди. Режасиз иш қолипсиз ғишт эканини биламиз. Шундай экан, аниқ мақсад ва режаларни белгилаб олиш муҳим масаладир. Ҳаётга йўлланма ва тараққиётга қўлланма 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасидаги вазифалар экани маълум. Бунинг учун биринчи даражали вазифа, бу таълим тизими масаласидир. Мамлакатнинг эртаси худди шунга боғлиқ. Япония, Корея, Сингапур тажрибаси бунга яққол мисолдир. Бу эса ўз-ўзидан таълим соҳасида замонавий билим ва унинг рўёбини таъминлайдиган ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан янгилашни тақозо қилади. Шундагина Янги Ўзбекистон мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб етишади. Президент қишлоқ жойларда мактаблар қуриш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, устоз ва мураббийларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш зарурлигини ҳам эътироф этди.

Муаммоларнинг ечими бир-бири билан ўзаро боғланиб кетган вазифалар занжирини ҳис этиш ва ҳал қилишдан иборат. Бу эса адолат ва ҳақиқатнинг барқарор бўлиши, яъни одил суд тизимини мустаҳкамлаш билан боғлиқ. Сифатли таълим, малакали тиббиёт, фаровон ҳаёт бевосита тадбиркорликка бўлган эътибор дунё тажрибасидан маълум. Бизнесни ривожлантириш қуйидаги масалаларга ечим бўлади. Қўшимча иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш. Иқтисодиётда давлат иштирокини кескин камайтириш масаласи ҳам муҳим.

Халқимизнинг соғлом ҳаёт тарзи кўп жиҳатдан аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланишига боғлиқлиги ҳам Президент нутқида алоҳида таъкидланди. Олдимиздаги мақсадлар, марраларга етиш, ва ютуқларнинг гарови кўпмиллатли эл-юртимиздаги бирдамлик ва баҳамжиҳатликка боғлиқлигини ҳаётнинг ўзи намоён этмоқда.

Демак, давр муаммоларига жавоб соғлом ақл, теран тафаккур, бунёдкорлик, яратувчанлик туйғуси ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ришталари билан иш тутишда. Мустақиллигимизнинг шонли 31 йиллигини нишонлаш арафасидаги Президентимиз нутқини истиқболни, халқимиз иқболини ўйлаган даъват раҳбарининг даъвати ва самимий истаклари сифатида англаш ва қабул қилиш жоиздир.



Раҳимбой Жуманиёзов,
«ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети доценти