Муносабат
Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида бўлиб ўтган Президент Шавкат Мирзиёевнинг соҳа ходимлари билан мулоқоти Янги Ўзбекистонда таълим тизимига бўлган стратегик ёндашув ва кенг қамровли ислоҳотларнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Ушбу мулоқотда таълимни ислоҳ қилиш, педагогларни қўллаб-қувватлаш ва ёш авлодни рақобатбардош қилиб тарбиялашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда давлат раҳбари таъкидлаганидек, сўнгги саккиз йилда мамлакат иқтисодиёти икки баробар ўсди, бу эса таълим соҳасига ажратиладиган маблағларни сезиларли даражада ошириш имконини берди. Айнан шу даврда таълим ва илм-фанга 378 триллион сўм ажратилиб, олти баробар кўп маблағ йўналтирилди. Бу жараёнда таълимнинг иқтисодий асослари мустаҳкамланди: давлат бюджети, сармоялар ва экспорт ортиши орқали таълим тизими учун зарур инфратузилма ва моддий рағбатлар шакллантирилди.
Мулоқотда таълимдаги ислоҳотлар ҳар бир босқичда қамраб олинаётгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, 2017 йилда қамрови атиги 27 фоиз бўлган боғчалар тизими бугун 78 фоизга етказилди. Боғча тарбиячиларининг ойлиги икки баравар оширилди, хусусий боғчаларга бюджетдан субсидиялар ажратиш тизими жорий этилди. Эътиборлиси, олий маълумотсиз тарбиячиларни ишдан ажралмаган ҳолда ўқитиш йўлга қўйилиши сифат ва амалий самарани таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Мактаб таълимидаги асосий янгиликлардан яна бири бу 9 ва 11-синфларда ягона давлат имтиҳонлари жорий қилиниши ва битирувчиларнинг натижалар асосида олий таълим ёки касб-ҳунарга йўналтирилиши ҳисобланади. Бу билим ва кўникмага асосланган таҳсил тизимини шакллантиради.
Шунингдек, Президент 2026 йилни – ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш йили, деб белгилаш ташаббусини билдирди. Янги ташкил этиладиган Касбий таълим агентлиги орқали техникумлар халқаро стандартлар асосида фаолият юритади. “Инвестор – тармоқ – техникум” занжири асосида дуал таълим тизими йўлга қўйилиб, талабалар бир вақтнинг ўзида ўқиш ва иш тажрибасини олиш имкониятига эга бўлади. Шу орқали ёшларни иш билан таъминлаш, маҳаллий иқтисодиётни кадрлар билан таъминлаш мақсад қилинган.
Олий таълим тизимида талабалар сони олти бараварга кўпайди бу аҳолининг билимга бўлган талабининг ўсишига ишора. Илм-фан билан ишлаб чиқаришни боғлаш, инновацион лойиҳаларни амалиётга жорий этиш яқин истиқболдаги асосий вазифа сифатида белгиланди. Президент илм-фан ва бизнесни боғловчи механизмлар зарурлигини таъкидлаб, ихтироларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 100 миллиард сўм маблағ ажратилишини билдирди.
Қувонарлиси, мулоқот давомида Президент педагогларнинг моддий ва ижтимоий ҳолатини яхшилаш бўйича бир қатор янги ташаббусларни эълон қилди. Жумладан, 15 йил стажли олий тоифали ўқитувчиларга ипотека бошланғич тўловининг 25 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, педагогларнинг фарзандлари учун олий таълим шартнома тўловига 30 фоиз чегирма, компьютер хариди учун 10 миллион сўмлик имтиёзли кредит, миллий сертификат олган ўқитувчиларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўлаш каби имтиёзлар шулар жумласидан. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ушбу ташаббуслар педагогларнинг обрўсини ошириш, уларни рағбатлантириш ва малакали мутахассисларни соҳада сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистонда энг муҳим соҳалардан бири – таълим, энг ҳурматли касб эса муаллимликдир. Таълимга қилинган сармоя келажакка қўйилган энг муҳим инвестиция ҳисобланади. Кенг қамровли ислоҳотлар, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, халқаро стандартларга мос таълим тизимини барпо этиш мамлакатнинг барқарор ва узлуксиз ривожланишини таъминлайдиган асосий фактордир.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш
ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА