Сурхондарё вилоят судида Конституциямиз қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда видеоконференц алоқа шаклида Олий суд раиси Бахтиёр Исломов асосий қонунимиз мамлакатимиз тараққиёти, жамият ривожи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлаб, иштирокчиларни байрам билан табриклади. Одил судловни амалга ошириш йўлида муваффақият тилади. Янги таҳрирдаги Конституциямиз Янги Ўзбекистон стратегиясининг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимизда кейинги йилларда Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш учун умумэътироф этилган “Хабеас корпус” ва “Миранда қоидаси” институтларининг конституциявий даражада мустаҳкамланиши тарихий воқеа бўлди. Бош Қомусимизнинг 15-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, Ватанимизда Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Асосий қонун мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.


Байрам тадбирида вилоят суди раиси Аблқосим Рўзиқулов демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ этиш ва инсон ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилангани ва унинг қонунчилик асосларини янги таҳрирдаги Конституциямиздан ўрин олган энг демократик тамойил ҳамда қоидалари ташкил этиши хусусида сўз юритди. Тадбир қатнашчиларини асосий қонунимиз қабул қилинган кун билан самимий муборакбод этди. Иштирокчилар 2023 йил 30 апрель куни мамлакатимизда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз қабул қилган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида юз берган ўзгартиш ва янгиланишларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ўрни, одил судловни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари тўғрисида фикр алмашди. Вилоят суди ва қуйи судларнинг бир гуруҳ судья ҳамда суд аппарати ходимлари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири