Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг моҳир мерганлар аниқланди
13:02 / 2021-04-22

Термиз шаҳридаги “Ватанпарвар” ташкилотининг вилоят техник ва амалий спорт турлари марказида умумтаълим мактабларининг ўқувчилари ўртасида ўтказилган Жанубий оператив қўмондонлиги кубоги учун “Ёш мерганлар” мусобақасининг якуний вилоят босқичи ғолиблари аниқланди.

Ҳаво милтиғидан ўқ отиш бўйича ўтказилган мусобақанинг қуйи босқичида вилоятдаги 338 умумтаълим мактабидан икки мингга яқин ўқувчи ўзаро беллашди. Уларнинг 70 нафари якуний босқичга йўлланма олиб, Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи кубоги учун куч синашди.

–Сурхондарё вилоятида ёшларни янги тизим асосида ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда “Мард аскар – ёшларга намуна” дастури қўл келмоқда, – дейди Мудофаа вазирлиги Жанубий оператив қўмондонлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлими бошлиғи подполковник Нодир Холиқов. – Бундан ташқари, уюшмаган ёшлар ва ёт ғоялар таъсирига берилган алоҳида тоифадаги шахслар билан ҳам манзилли иш олиб борилмоқда. Мазкур мусобақа иштирокчиларининг кўзидаги олов, юрагидаги шижоатни кўриб, келажагимиз буюк эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

Қизғин баҳсларга бой бўлган мусобақа ҳарбий хизматчилар ва малакали тренерлар томонидан холис баҳолаб борилди. Якунда ўғил болалар ўртасида фахрли 1-ўринни Денов туманидаги 75-ўрта таълим мактаби ўқувчиси Сарбонали Бўриев, 2-ўринни Қумқўрғон туманидаги 1-ўрта таълим мактаби ўқувчиси Иброҳим Нормуродов, 3-ўринни Термиз шаҳридаги 9-ўрта таълим мактаби ўқувчиси Диёрбек Донаевлар эгаллади.

Қиз болалар ўртасида 1-ўрин Денов туманидаги 26- мактаб ўқувчиси Дилрабо Абдимўминовага насиб этди. 2-ўринни Қумқўрғон туманидаги 1- мактаб ўқувчиси Камола Чориева, 3-ўринни Денов туманидаги 74-мактаби ўқувчиси Фазилат Абдурахмонова эгаллади.

Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи кубоги энг юқори натижага эришган Денов туманидаги 75-мактаб жамоасига топширилди.  

Тадбирга намойиш этилган саҳна чиқишлари, ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар ўзгача файз бағишлади.  

Ғолиблар Жанубий оператив қўмондонининг кубоги, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА