French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг моҳир касб эгалари тақдирланди
09:16 / 2025-02-02

Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Worldskills Samarkand-2025” V Миллий касблар чемпионати якунланди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Worldskills Uzbekistan” Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш  ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилган мусобақа ушбу йўналишдаги халқаро мусобақаларда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қиладиган иқтидорли ишчи касб эгаларини аниқлаш мақсадида ташкил этилди.  

Якуний натижаларга кўра, сантехника технологияси касби бўйича ғолиблик Иштихон тумани 2-сон политехникуми талабаси Шаҳриёр Элибоевга насиб этди. Иккинчи ўринни Тойлоқ тумани 2-сон политехникуми талабаси Албосид Эргашев, учинчи ўринни Мирзаобод тумани политехникуми талабаси Умид Аллақулов қўлга киритди.  

Пайвандлаш технологияси бўйича Пахтачи тумани 1-сон политехникуми талабаси Жавоҳир Холиқулов энг моҳир касб эгаси деб топилди. Бу йўналишда иккинчи ўрин Пастдарғом тумани 4-сон политехникуми талабаси Асадбек Абдунабиевга, учинчи ўрин эса Бухоро нефт ва газ саноати коллежи талабаси Жавоҳир Жумаевга насиб этди.  

Электромонтаж усталари баҳсида эса Булунғур туман 1-сон политехникуми талабаси Саидумар Норқўзиев биринчи ўринга муносиб деб топилди. Бу касбда иккинчи ўринни Ширин энергетика техникуми талабаси Темур Ибодуллаев, учинчи ўринни Навоий архитектура ва қурилиш техникуми талабаси Жаҳонгир Тошпўлатов қўлга киритди.  

Чемпионатнинг тиббиёт ва ижтимоий ғамхўрлик иши йўналишида биринчи ўринни Самарқанд шаҳридаги Турон тиббиёт техникуми талабаси Муслима Давронова қўлга киритган бўлса, иккинчи ўринни Сирдарё туман тиббиёт техникуми талабаси Севара Акмирзаева, учинчи ўринни Поп тиббиёт техникуми талабаси Ҳуснора Раҳимова эгаллади.  

Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.  

[gallery-21561]

Белгиланган низомга мувофиқ, 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар жорий йилнинг 23-27 ноябрь кунлари Тайванда ташкил этиладиган “WorldSkills Asia Competition Taipei 2025” халқаро касблар чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш учун мусобақадан олдин ўзаро баҳслашади. Ҳар бир йўналиш бўйича ўзаро баҳс натижаларига кўра, ғолиб бўлган иштирокчи халқаро мусобақага йўлланма олади.

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари