Аҳолига тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда соҳа ходимларининг ўрни муҳим ҳисобланади.
Кореянинг “KOFIH” халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси дунёнинг 20 дан ортиқ хорижий мамлакатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, улар орасида Ўзбекистон алоҳида ўрин эгаллайди. Жамғарма Тез тиббий ёрдам хизмати сифатини янада яхшилаш ва бу соҳадаги ходимлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича кўплаб лойиҳаларни амалга оширади.
Республика тез тиббий ёрдам маркази ва Кореянинг “KOFIH” халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси билан 2019 йилда имзоланган меморандумнинг биринчи босқичи доирасида 2 миллион 800 минг доллар грант маблағлари эвазига 8 дона симуляцион робот ва мобил бригада учун турли симуляцион манекенлар харид қилиниб, Республика Тез тиббий ёрдам маркази Тошкент шаҳар филиали ва Самарқанд вилояти филиалларининг симуляцион марказлари ташкил этилди.

Ушбу марказлар ва мобил бригадалар томонидан жами 1 минг 960 нафар шифокор ва 1 минг 360 нафар ўрта тиббиёт ходимининг малакаси оширилди.
Тошкент шаҳрида “KOFIH” халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси томонидан лойиҳанинг иккинчи босқичи учун ажратилган 8 миллион АҚШ доллари грант маблағи ҳужжатини тасдиқлаш маросими бўлиб ўтди. Унда малака ошириш курслари ўтказилган Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамда Самарқанд вилояти филиалидан сараланган бригадалар орасида “Энг малакали тез тиббий ёрдам бригадаси” номинацияси бўйича беллашув ташкиллаштирилди, дейилади Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази маълумотида.
Ғолиб иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Марҳабо Мадаминова, ЎзА