Янгиер шаҳрида “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” доирасида ўқувчи қизлар ўртасида футбол бўйича Сирдарё вилояти босқичи юқори савияда ташкил этилди. Асосийси, мусобақа қизғин беллашувлар, муросасиз курашлар ва дўстона муҳитдаги ўйинларга бой бўлди.
Мазкур мусобақада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги умумтаълим мактабларининг 7–11-синф ўқувчиларидан таркиб топган, футболсевар ва спортчи қизлар жамоалари иштирок этди. Ҳар бир жамоа ўз ҳудудида саралаб олинган бўлиб, мусобақа вилоят миқёсидаги энг кучли жамоаларни аниқлашга хизмат қилди.

– Тўғрисини айтганда, сўнгги йилларда мамлакатимизда қизлар спортига, хусусан, футболга бўлган эътибор сезиларли даражада ошмоқда, – деди мазкур мусобақанинг қуръа ташлаш маросимида иштирок этган Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Даврон Исоқов. – Қизлар футболи нафақат жисмоний чиниқиш, балки ирода, жамоавийлик, тезкор фикрлаш ва етакчилик қобилиятларини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

Муҳими, бундай мусобақалар орқали қизлар ўртасида спорт маданияти юксалади, соғлом турмуш тарзи тарғиб этилади ва энг асосийси — иқтидорли спортчилар кашф этилади. Келгусида уларнинг профессионал спортга қадам қўйиши учун мустаҳкам замин яратилади.

Мусобақа якунига кўра, 1-ўрин Гулистон шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактаби жамоасига насиб этди. Улар юқори техника, тезкорлик ва жамоавий ўйин намойиш этишиб, вилоят чемпионларига айланишди ҳамда пойтахтда бўлиб ўтадиган республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
2-ўрин Сардоба тумани 3-сонли умумтаълим мактаби жамоасига берилди. 3-ўринни эса Сирдарё тумани 30-сонли умумтаълим мактаби жамоаси эгаллашди.

Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндор жамоалар кубок, эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланишди.
Мазкур мусобақа нафақат энг кучли жамоани аниқлади, балки Сирдарёда қизлар футболи жадал ривожланаётганини яна бир бор намоён этди.
Ғулом Примов, Анвар Тўйчиев (сурат) ЎзА