Энг кучли мотоспортчилар аниқланди
Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги Қизилмозор мотосўқмоқларида спортнинг мотокросс тури бўйича Ўзбекистон чемпионати ва Ўзбекистон биринчилигининг дастлабки босқич мусобақалари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан ўтказилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан юздан ортиқ спортчи иштирок этди.



Икки кун давом этган беллашувнинг дастлабки куни 18 ёшгача бўлган ёшлар 65, 85, 125 см3 ҳажмли мотоциклларда, иккинчи куни 18 ёшдан юқори бўлган спортчилар 350, 500 ва 750 см3 ҳажмли мотоциклларда ўз маҳоратларини намойиш этади.
Мусобақа якунида Ўзбекистон чемпионати ва биринчилигида умумжамоа ҳисобида Сурхондарё вилояти терма жамоаси фахрли биринчи, Тошкент вилояти вакиллари иккинчи ва Навоий вилояти спортчилари учинчи ўринларни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири