Тошкент шаҳридаги Анҳор каналида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича кўпкураш кубогининг якуний IV босқичи бўлиб ўтди. Спортчилар мусобақада 2 километр масофада рақобатлашди.
Беллашувларда ёш ва истиқболли спортчилар иштирок этиб, совринли ўринлар учун кечган баҳслар кескин ва муросасиз тарзда ўтди. Жумладан, 2012 йилда туғилган ва ундан кичиклар ёш тоифасида К-1 йўналишида Ҳусайн Гунеш ўғил болалар ўртасида ғолиб бўлган бўлса, Юлиана Тропина қизлар орасида олтин медални қўлга киритди. Диёрбек Рўзибоев эса С-1 масофада тенгсиз эканини исботлади.


Шунингдек, 2010–2011 йилларда туғилганлар ўртасида К-1 бўйича Алексей Герасименко ва Умида Жунусбекова, С-1 да Шуҳратилло Пўлатов шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Ёшлар тоифасила Максим Ивлиев (К-1), Даврон Равшанов (С-1), Карина Хуснутдинова (К-1) ва Хадича Файзиева (С-1), катталар ўртасида эса Ярослав Славгородский (К-1) маррага биринчи бўлиб етиб келди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА