Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг кучли чавандозлар Термизда жам бўлади
16:04 / 2023-03-25

Термиз туманидаги Қорабайир отлари маҳорат мактабида жорий йилнинг 25-27 март кунлари Халқаро улоқ-кўпкари турнири бўлиб ўтади.

Президентимизнинг 2021 йил 5 августдаги “Сурхондарё вилоятида қорабайир зотли отларни етиштириш ва оммалаштириш ҳамда от спорти турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган спорт ўйини Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Ўтмишдан чавандозлик миллий қадриятларнинг бир ўзаги сифатида улуғлаб келинган қадимий воҳада иккинчи марта ўтказилаётган Халқаро турнирда мамлакатимиз вакиллари, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардан 50 га яқин энг кучли чавондозлар, тренер ва ҳакамлар иштирок этиши кутилмоқда.  

Халқаро турнир дастурига кўра, бугун Термиз шаҳрида хорижлик меҳмонлар тантанали кутиб олингач, кечга яқин оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилади. Қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади.

Эртага Миллий гвардия ҳузуридаги Қорабайир отлари маҳорат мактабида Халқаро улоқ-кўпкари мусобақалари бошланади. Ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, қизиқарли концерт дастурлари намойиш этилади.  

Турнирнинг тантанали очилиш маросими ва финал учрашувларини 27 март куни ўтказиш белгиланган. Шу куни энг кучли, энг абжир чавондозлар аниқланиб, ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА