French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг кўп саволлар транспорт воситаси билан боғлиқ
19:52 / 2021-12-02

Адлия вазирлигига аҳолидан турли мавзуларда саволлар келиб туради. Бу сафарги саволларнинг асосий қисми транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида бўлди. Саволларга Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева жавоб берди.

- Ҳайдовчи ёнида паспорти ёки ID-картаси бўлганида транспортни бошқариш, рўйхатдан ўтказганликка оид ҳужжатлар, ишончнома, суғуртани ёнида олиб юриши талаб этилмайди?

- Жорий йил 30 ноябрь куни транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилишга оид қонун қабул қилинди.

Қонунга кўра, ҳайдовчи ёнида паспорти ёки ID-картаси бўлганида транспортни бошқариш, рўйхатдан ўтказганликка оид ҳужжатларни, ишончномани ва суғуртани ёнида олиб юриши талаб этилмайди.

Бунда ҳайдовчининг паспорт ёки ID-картаси планшетлар ва компьютерлар воситасида фойдаланган ҳолда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан текширилади.

Ушбу тартиб ҳайдовчиларга транспортни бошқариш, рўйхатдан ўтказиш, ишончнома ва суғуртани расмийлаштиришдан озод этмайди. Ушбу ҳужжатлар албатта расмийлаштирилиши шарт. Бироқ текшириш жараёни автоматлаштирилиши муносабати билан ёнида олиб юрмаганлик учун жавобгарлик келиб чиқмайди.

Эслатиб ўтамизки, мазкур тартиб 2022 йил 1 мартдан бошлаб ўрнатилади.

- Ҳайдовчилар тезликни ошириб юборганида қайд этилган тезликдан 5 км/с чегириб ташлаб, кейин ҳисобланар экан. Бунга сабаб нима? Тезлик оширилгани ҳалокатларга сабаб бўладику.

- Бу янгилик Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, 2021 йил 30 ноябрь куни қабул қилинган “Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунда белгиланди.

Қонун билан киритилган аҳамиятли ўзгаришлардан бири бу ҳайдовчилар белгиланган тезликни ошириб юборганида қайд этилган тезликдан 5 км/соат чегириб ташлаб жазо қўлланилишидир.

Боиси ҳар қандай техник қурилма тезликни кўрсатишда адашиши мумкинлигини барчамиз биламиз. Бундан кўзланган мақсад келгусида фуқароларни шу каби ҳолатларда ноўрин жавобгарликка тортилишининг олдини олишдир.

- Машина бошқариш пайтида телефонда гаплашса ҳам бўлар экан. Шу тўғрими?

- Юқорида қайд этилган қонун билан ҳайдовчилар транспортни бошқаришда телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларини ишлатмасдан гаплашиш имконини берадиган ускуналар орқали фойдаланиши мумкин бўлди.

Киритилган ўзгартиришга кўра, транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларга телефондан фақат “bluetooth”, қулоқчин ва бошқа қўлни банд қилмайдиган гарнитуралар орқали фойдаланишга рухсат берилмоқда.

Агарда ҳайдовчилар рулда бўлган вақтида телефондан “bluetooth”сиз, қулоқчинсиз ва бошқа қўлни банд қилмайдиган гарнитураларсиз фойдаланса жавобгар бўлади.

Ижтимоий тармоқларда “энди машина бошқараётганда телефондан фойдаланиш мумкин” ёки “рулда бўлган ҳолда телефонда гаплашишга рухсат берилди” каби тўлиқ бўлмаган, нохолис хабарларга эмас, расмий манбаларга таяниб иш кўриш мақсадга мувофиқ.

- Мен чакана савдо фаолияти билан шуғулланмоқчи эдим. 1 декабрдан бошлаб, кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказиш электрон бўлиши ҳақида ўқидим. Шу ҳақида маълумот берсангиз.

- Дастлаб кўчма савдо объектлари нима эканлиги ҳақида маълумот бериб ўтсак. Қонунчиликка кўра, кўчма савдо объектлари – бу вақтинчалик асосда жойлаштирилган ва мавсумий хусусиятга эга бўлган, шунингдек, иш куни якунлангандан сўнг объектни кўчириш имкони бўлган кўчма савдо объектлари (лотоклар, палаткалар, савдо аравалари, пештахталар, автодўконлар, автотиркамалар, автоцистерналар, фудтраклар, тонарлар, савдо автоматлари).

Жорий йил 4 июнь куни қабул қилинган кўчма савдо фаолиятига ахборот технологияларини жорий этишга оид Президент қарорига мувофиқ 1 декабрдан бошлаб кўчма савдо фаолияти бўйича бир қатор тартиблар белгиланди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 декабрдан кўчма савдо фаолияти тадбиркорлар томонидан кўчма савдо объектларини электрон тарзда “K – SAVDO” автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Бунда рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди. Кўчма савдо жойи кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемалари бўйича “K – SAVDO” ААТ орқали электрон аукционда сотилади.

Бунда, аукционнинг бошланғич нархи тегишли туман (шаҳар)даги ер участкасининг ер солиғи миқдорида белгиланади.

Аукцион ғолиби томонидан кўчма савдо жойининг қиймати тўлиқ тўланганидан сўнг унга “K – SAVDO” ААТ орқали автоматик равишда QR-код қўйилган гувоҳнома берилади ҳамда у мазкур жойдан 36 ой муддатга фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда кўчма савдо жойидан фойдаланиш бўйича шартнома тузиш талаб этилмайди.

- Янги йил байрами яқинлашиши билан вояга етмаган болалар томонидан турли пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳолатлари учраб туради. Қонунчиликдаги пиротехника буюмларидан фойдаланиш ёки сотганлик учун қандай жавобгарлик бор?

- Қонунчиликка кўра, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик мавжуд. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддасида белгиланишича, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга олиб кириш ёки ўтказиш – ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, 1 миллион 350 минг сўмдан 5 миллион 400 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу ҳуқуқбузарлик аниқланганда маъмурий баённома тузишга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-1 – моддасига асосан Миллий гвардия органлари ходимлари ваколатли ҳисобланади.

Н.Абдураимова, ЎзА