Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг кўп истеъмол қилинадиган 50 турдаги дориларни юртимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
11:06 / 2023-11-30

Муносабат

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш масаласига ҳар қачонгиданда кўпроқ эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, халқ саломатлиги, миллат генофондини мустаҳкамлаш давлатнинг келгуси тараққиётини белгилашда муҳим омил саналади.

Шу боис, соғлиқни сақлаш соҳасига замонавий кадрларни жалб қилиш, аҳоли саломатлигини тиклашда зарур бўлган барча даражадаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва дори воситаларини етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо, тан олиб айтиш керакки, ўрта асрларда дунё тиббиёт соҳаси ва фармацевтикаси ривожига муносиб ҳисса қўшган алломаларни етиштирган юртимизда бугун бу йўналишда айтарли даражада натижаларга эришилмаган.

Охирги олти йилликда соҳага қаратилган алоҳида эътибор сабаб, фармацевтикада ишлаб чиқариш 3 баробар, экспорт 6 баробарга кўпайган. 525 миллион долларлик 177 та лойиҳа ишга тушиб, жами 50 мингта иш ўрни яратилган.

Лекин, бу ҳали мавжуд имконият ва талаб даражасида эмас. Айни кунда юртимизда йилига 1,6 миллиард долларлик дори-дармон истеъмол қилинади. Бунда маҳаллий маҳсулотларимизнинг улуши атиги 18 фоизни ташкил қилмоқда. Қолган 82 фоизи импорт ҳисобидан қопланаяпти.

Фармацевтика тармоғи ривожланган айрим давлатлар мисолида олиб қаралса, уларнинг кўпчилиги дори воситаларини ишлаб чиқариш учун асосий хомашёни бошқа мамлакатлардан импорт қилиш ҳисобига дори-дармон маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда. Юртимизда эса, нафақат фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, балки у учун тайёр хомашё базасини шакллантиришда ҳамма имкониятлар яратилганлиги ҳисобга олинса, ҳали эришилган натижалар етарли даражада эмаслигини кўришимиз мумкин.

Жумладан, ҳозирги кунда мамлакатимизда “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” каби индустриал зоналар фаолияти йўлга қўйилган. Аммо, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, улар фаолияти ва имкониятлари тўлиқ ишга солинмаган.

Шу боис, куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида фармацевтика ва электротехника саноатида ишлаб чиқаришни янада қўллаб-қувватлаш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, энг кўп истеъмол қилинадиган 50 турдаги дорини юртимизда ишлаб чиқариш орқали маҳаллийлаштириш даражасини 35 фоизга етказиш мумкинлиги, бунинг учун тадбиркорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳсулотлари харидоргирлигини таъминлаш, хориж тажрибасини ўрганиш, машҳур брендларни мамлакатимизга жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, “Tashkent Pharma Park” кластери қурилишини жадаллаштириш, унга хусусий шерикни жалб этиш ҳамда фармацевтика корхоналарига “GMP” халқаро стандартига ўтиш ва маркировкалаш тизимини йўлга қўйишда кўмаклашилиши белгиланди.

Келгусида соҳада 1,5 миллиард долларлик 173 та лойиҳа амалга оширилади. Уларни молиялаштириш учун 600 миллион доллар йўналтирилади. Бунинг натижасида 2024 йилда 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 160 миллион доллар экспорт таъминланади.

Энг муҳими, аҳолини фармацевтик маҳсулотлар билан таъминлашда маҳаллийлаштириш даражасининг ортиши минглаб оилаларга ўз яқинларини вақтида даволатиш, сифати тўлақонли кафолатланмаган хорижда ишлаб чиқарилган доираларни чайқовчилар орқали юқори нархларда харид қилиш учун иқтисодий жиҳатдан қийинчиликларга дуч келиш ҳолатларини бартараф этишга ҳам хизмат қилади.

Шу билан бирга, юртимиз аҳолисининг бугун бошқа соҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан ҳам ишончи ортиши, соҳада янги иш ўринлари яратилишига эришилади.

 

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА