Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг истиқболли инвестиция бу - таълим-тарбияга ажратилган инвестициядир
12:29 / 2020-08-18

"Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорини ўқиб...

Муносабат

Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорини ўқиб...

Маълумки, Республикамизда кимё фанини ўқитиш, бу соҳадаги илмий изланишлар кўлами, кимё саноатида эришилаётган ютуқларга қарамай, таълим→илм-фан→ишлаб чиқариш орасида узвий алоқа йўқ ва бир маромда ишлайдиган механизм мавжуд эмас эди. Ваҳоланки, дунёнинг ривожланган давлатларида бу механизм яхлит тузилма сифатида шаклланган. Олий таълимнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқлиги олий маълумотли кадрларнинг иш билан бандлик даражаси орасидаги дисбалансни камайтиради. Шунингдек, ишлаб чиқарувчилар ва илмий тадқиқот институтлари талабаларга “буюртмачи” ҳисобланиб, уларнинг чуқур билим олишларидан манфаатдор бўладилар.

Жумладан, Юрий Левада Аналитик маркази томонидан 2010 йилда ўтказилган ижтимоий сўров натижасида буюртма асосида мутахассис тайёрлаш бўйича Олий таълим муассасалари билан контракт тузиш учун ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг талаблари аниқланган. Сўровда иштирок этганларнинг 50 фоизи талабаларнинг фундаментал билимлари ва устозларнинг рейтинги муҳим деб, 42 фоизи ўтиладиган фанлар ва уларнинг дастурлари буюртмачи томонидан танланиши керак, деб ҳисоблаган. 39 фоиз ишлаб чиқарувчилар ОТМ лар билан ҳамкорликни ёқлаган ва 25 фоизи университетларнинг рейтинги муҳимлигини таъкидлаган.

Назаримда, мазкур Қарор ижроси айнан шундай механизмни ярата олади. Қарорда умумтаълим мактаблари, олий таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантиришда соҳалараро ўзаро ҳамкорлик механизмлари атрофлича қамраб олиниши назарда тутилган. Асосий эътибор кимё ва биология фанларини ўқитишга қаратилганлиги билан жуда долзарб ва аҳамиятлидир. Кимё фанини ўқитишнинг ўзига хос томони шундаки, унда фундаментал билимлар лаборатория машғулотларида назарий ва амалий жиҳатдан мустаҳкамланиб боради. Умумтаълим мактабларида лаборатория хоналарининг мавжуд эмаслиги ёки маънан эскирганлиги, амалий машғулотларнинг деярли ўтказилмаслиги, дарсликлар ҳамда ўқитиш методологиясининг жаҳон талабларига мос келмаслиги, шунингдек, ўқитувчилар фаолиятининг етарли тарзда қадрланмаганлиги ва рағбатлантирилмагани оғриқли нуқтамиз эди.

Қарорда мавжуд ҳолатни чуқур таҳлил қилган ҳолда, 2020 йил 1 декабргача Республикамизнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч мактаблар, 150 та кимё фани чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаблар фаолият бошлаши ҳамда уларга Олий таълим муассасаларидаги (ОТМ) 55 та кафедранинг бириктирилиши кўзда тутилган. Мазкур мактабларда фаолият кўрсатадиган ўқитувчи кадрларни қайта тайёрлаш ва стажировка ўташини ташкил этиш, улар фаолиятини муносиб рағбатлантириш кабилар ушбу Қарорнинг муҳим жиҳатини ташкил этади. Жумладан, Қарорда “... кимё ва биология фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга бир маротаба ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида, кимё ва биология фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларга ўқув йили давомида олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида устама ҳақ белгилаш тартибини жорий этиш...” кўзда тутилган. Назаримизда, фан тўгаракларининг тўғри ташкил этилиши нафақат кимё фани ҳақида кенгроқ билимларга эга бўлган кадрларни етиштиришга, ўқувчиларнинг мантиқий фикрлаши ва табиий фанларга қизиқишининг ортишига, балки жамиятда ўқитувчиларнинг қадр-қиммати, обрўйини оширишга ҳам хизмат қилади. Зеро, барча касбларнинг онаси бўлмиш - ўқитувчилик ҳеч қачон эскирмайдиган, ҳамиша долзарб ва эҳтиромга лойиқ касбдир.

Табиий фанлар йўналишидаги вариатив ўқув режаларини ўқув жараёнида қўллаш, ўқув дастурларида амалий машғулотларнинг улушини кўпайтириш, ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг илғор мезонларини жорий этиш ҳамда 2021 йил 1 февралга қадар кимё ва биология фанларидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизимининг жорий этилиши ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ўз устида мунтазам ишлашлари учун кучли мотивация беришига катта умид уйғотади. Ва бу тизимдаги баъзи коррупцион ҳолатларга чек қўйиши мумкин.

Кимё фанларидан ўқув ва илмий адабиётларни яратиш бўйича миллий танлов ташкил қилиниши ҳам қувонарли янгилик. Сабаби, мактаб дарсликларининг ҳар йили қайта-қайта нашр эттирилиши ва улардаги чалкашликларнинг бартараф этилмаётганлиги бу соҳа ҳам ўзига хос “тижоратга” айланганини билдиради. Мазкур дарсликларнинг танлов асосида танланиб чоп этилиши эса соғлом рақобат ва холис ёндашувнинг таъминланишига туртки бўлса, ажаб эмас!

Қарорда Олий таълим муассасаларидаги кафедраларнинг таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларга бириктирилиши ҳамда ўқув жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида маҳорат дарслари, тўгараклар, ёзги мактаблар ташкил этишда иштироки кўзда тутилган. Бу тузилмалараро алоқалар ўқувчиларни фанга бўлган қизиқишларининг ортишига ва ижодий фикрлашларига, шунингдек, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига хизмат қилади.

Мазкур Қарорда кимё ва биология соҳасида етук кадрлар тайёрлашда Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтларининг умумтаълим мактаблари, ОТМ ва тармоқ институтлари билан ўзаро ҳамкорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Юқорида таъкид этганимиздек, яқин кунларгача бу ҳамкорлик илмий-амалий анжуманлардаги мунозаралар, тармоқ вакиллари учун семинарлар, ўқувчи ва талабалар учун очиқ эшиклар кунини ташкил этиш билан чегараланган эди. Янги тузилмалараро интеграция ўзаро манфаатли эмас эди. Ушбу Қарордаги иловаларда эса ҳар бир ташкилот учун бириктирилган ва ҳамкор ташкилотлар аниқ белгилаб берилган. Бу илмий ходимларга ўз ишланмаларини синовдан ўтказиш ва самарадор ишланмаларни қисқа муддатларда тижоратлаштириш имконини беради. Шунингдек, Фанлар академияси институтлари ҳам кимё ва биология бўйича кадрлар тайёрлашда бевосита иштирок этишлари белгиланган. Бу эса ўз-ўзидан ёшларни илм-фанга жалб этишдаги мавжуд муаммоларнинг ечилишига олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3953-сон қарори билан тасдиқланган Давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) илмий фаолиятга оид давлат дастурлари лойиҳаларини бажаришда иштирок этувчи бюджет ташкилотлари томонидан тадқиқотлар ўтказиш мақсадида реактивлар ва реагентлар харид қилиш” деган банднинг қўшилиши илмий тадқиқотларнинг ўз вақтида бажарилиши ва уларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мазкур Қарор лойиҳаси 23 та ташкилот билан келишилган бўлиб, Республикамизда кимё ва биология фанларини ривожлантириш, мазкур соҳалар учун етук кадрларни етиштириш, шунингдек, таълим - илм-фан - ишлаб чиқариш орасидаги доимий узвий боғлиқликни ўрнатишга хизмат қилади.

Н.ВОҲИДОВА,

ЎзР ФА Полимерлар кимёси ва физикаси

Институти катта илмий ходими, кимё фанлари доктори