Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг иқтидорли иштирокчилар аниқланди
12:04 / 2026-01-10

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ёш қизларнинг рақамли билимлари, инновацион фикрлаши ва ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Рақамли авлод қизлари” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида жами 1,5 минг нафардан ортиқ қизлар иштирок этди. Улар рақамли технологиялар, таълим, сунъий интеллект, иқлим ўзгариши ҳамда яшил иқтисодиёт йўналишларида ўз билим ва инновацион ғояларини намоён этишди. Саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган энг иқтидорли иштирокчилар вилоят босқичида жам бўлиб, долзарб муаммоларга қаратилган 60 та инновацион лойиҳани ҳакамлар ҳайъатига тақдим қилди.

Вилоят босқичида 16–20 ёш тоифасида 53 нафар, 21–30 ёш тоифасида эса 7 нафар иштирокчи қатнашди. Лойиҳаларнинг амалий аҳамияти, инновационлик даражаси, йўналишларга мослиги ҳамда тақдимот сифати асосий баҳолаш мезонлари бўлди. Айниқса, “Яшил иқтисодиёт” ва “Таълим” йўналишларида тақдим этилган ишланмалар юқори баҳоланди.

Натижаларга кўра, 21–30 ёшли иштирокчилар орасида Гулистон шаҳридаги 5-мактаб ўқитувчиси Феруза Қосимова “Яшил иқтисодиёт” йўналиши бўйича 1-ўринни қўлга киритди. Янгиер шаҳар кимё технологиялари институти ўқитувчиси Диёра Қаршибаева ушбу йўналишда 2-ўринга сазовор бўлди. Сайхунобод туманидаги 38-мактаб ўқитувчиси Хумора Холиқбериева ва унинг ҳамкори Мунирабону Миралиева эса 3-ўринни эгаллади.

16–20 ёшли иштирокчилар ўртасида Гулистон шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари Нозима Сотиболдиева ва Фания Геннадиева ғолиб деб топилди.

Таълим йўналишида Боёвут туманидаги 2-мактаб ўқитувчилари Одина Жумаева ҳамда Дилдора Маматқулова 2-ўринга муносиб кўрилди. Гулистон туманидаги ихтисослашган мактаб-интернат ўқитувчилари Севинч Қулбоева ва Райҳон Турғунбоева эса 3-ўрин билан тақдирланди.

Танлов якунида ғолиб ва совриндор иштирокчилар ташкилотчилар томонидан дипломлар, эсдалик совғалари ҳамда республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмалар билан тақдирланишди.

Ғулом Примов, ЎзА