Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимида “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик-танлови ўтказилиб, республика босқичи ғолиблари аниқланди.
Мазкур кўрик-танлов Президент — Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг 2025 йил 14 февралдаги фармони асосида Қуролли Кучлар тизимида жорий этилган янги Саф низоми талабларига мувофиқ ташкил этилди. Танлов ҳарбий қисмлар, минтақавий ва республика босқичларида ўтказилди.

Пойтахтимиздаги Жамоат хавфсизлиги университети базасида ўтган республика босқичида жамоаларнинг саф қоидаларини ўзлаштириш даражаси баҳоланди. Иштирокчилар якка тартибда қурол ва қуролсиз саф усуллари, саф қўшиғини ижро этиш, жанговар ҳайқириқ ҳамда қурол билан кўргазмали чиқишлар орқали ўз маҳоратини намоён этди.

Кўрик-танловнинг финал босқичи ва ғолибларни тақдирлаш маросими “ЖАР” спорт мажмуасида бўлиб ўтди. Тантанали маросимда давлат ва ҳарбий идоралар вакиллари, фахрийлар, гвардиячилар, ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида гвардиячилар томонидан тайёрланган амалий кўргазмали чиқишлар, ҳарбий оркестр иштирокидаги мусиқали композициялар намойиш этилди. Танловда гвардиячи қизларнинг ҳам иштирок этгани тизимда гендер тенглик масалаларига эътибор қаратилаётганидан далолат берди.
Якунга кўра, 3-ўрин Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси жамоаси ҳамда “Сарбоз” жамоасига, 2-ўрин Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси жамоасига насиб этди. Фахрли 1-ўринни эса Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университети жамоаси қўлга киритди.

Мазкур кўрик-танлов Миллий гвардия тизимида саф тайёргарлигини такомиллаштириш, шахсий таркибнинг касбий маҳоратини ошириш, ҳарбий интизом ва ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Н.Раҳмонова,
ЎзА