Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилояти мусиқали драма театрида “ASIFL HONOUR – 2023” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
2022-2023 ўқув йили давомида Андижон давлат чет тиллари институтида турли йўналиш ва соҳалар бўйича самарали фаолият олиб борган ўқитувчи ва ходимларни тақдирлаш мақсадида ўтказилган “ASIFL HONOUR – 2023” тақдимот тадбирида институт профессор-ўқитувчилари, ишчи ва ходимлари иштирок этди.
Тадбирда институт ректори, филология фанлари доктори, профессор Дилшодбек Рустамов сўз олиб, институтнинг “Шараф кодекси” ишлаб чиқилгани, унга кўра, ҳар ўқув йили охирида алоҳида эътироф ва шарафга муносиб кўрилган институтнинг энг фаоллари анъанавий тарзда тақдирланиб борилишини таъкидлади.
– Жорий ўқув йилини ҳам жамоамиз барча соҳа ва йўналишларда ижобий натижалар билан якунлади, – дейди Дилшодбек Рустамов. – Ўтказилган тадбирда уларнинг меҳнати, самарали фаолияти алоҳида эътироф этилди.
Маросимда “Ўқув йилининг энг фаол ёш олими”, “Ўқув йилининг энг фаол олима аёли”, “Ўқув йилининг энг фаол илмий тадқиқотчиси”, “Ўқув йилининг энг фаол тьютори”, “Ўқув йилининг энг фаол миллий қадриятлар тарғиботчиси”, “Ўқув йилининг энг намунали хотин-қизлар фаоли”, “Ўқув йилининг энг яхши ўқитувчиси” каби ва бошқа қатор номинация ҳамда йўналишлар бўйича энг илғорлар тақдирланди.
Тадбир якунида институт талабаларидан тузилган “Ибрат” театр студияси томонидан “Тўйлар муборак” спектакли намойиш этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА