Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорига мувофиқ, 2022 йилнинг 27 апрель куни “Энг фаол ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи” Республика танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Танловда туман босқичида ғолибликни қўлга киритган 15 нафар тарғиботчи ўзаро беллашди.

Иштирокчилар умумтаълим муассасасидаги фаолияти давомида ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилиш, улар билан олиб борилаётган ишлар сифати, ютуқлари, ўқувчилар ўртасида ижодкор ўқувчиларни кашф этиш, уларнинг ижодий ишларини газета ва журналларда ёритилиши ҳамда ўзлари эришган ютуқлар тақдимотини ўтказишди.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчилар фаолиятини Низом талабларига асосан 8 йўналишда баҳоладилар.

“Энг фаол ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи” Республика танловининг Тошкент шаҳар боқичида 1-ўринни Миробод тумани 154-сонли умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Неъматов Зикрилла ҳамда Юнусобод тумани 274-сонли умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Валиева Маҳмудалар эгаллашди. 2-ўрин Мирзо Улуғбек тумани 27-сонли умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Джуманиёзов Рахимбойга насиб этди. 3-ўринни Бектемир тумани 337-сонли умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Хайруллаева Лобар қўлга киритди.

Ғолиблар Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар бўлими томонидан диплом, ташаккурнома, бадиий адабиётлар жамланмаси ҳамда эсталик совғалари билан тақдирланди.
Биринчи ўринни эгаллаган 2 нафар тарғиботчига Республика босқичига қатнашиш йўлланмаси берилди.

ЎзА