Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энг асосий мақсад – миришкор деҳқон ва фермерларга яқин кўмакчи бўлиш
12:29 / 2022-06-22

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳаётимизнинг, тирикчилигимизнинг энг асосий манбаи.

Шу боис ҳам ушбу соҳа ривожига, сифатли ва мўл қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, аҳолини зарур маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондиришга энг устувор масалалардан бири сифатида эътибор қаратиб келинади. 

Мазкур соҳада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирш бўйича янгиликлар ва ҳамкорликдаги ишлар хусусида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори Ҳусниддин Каримов билан суҳбатлашдик.

–Мамлакатимиз аҳолисини сифатли мева-сабзавот билан таъминлаш, фермер ва деҳқонларни қўллаб-қувватлашда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Бугун бутун дунёда сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб юқори, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш муҳим ва долзарб масала бўлиб тургани барчамизга яхши аён. Шу маънода мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор алоҳида аҳамиятга эга.

Бу борада Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, пухта режа асосида тизимли ишларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. 2021 йил 15 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида мева-сабзавот экинларини етиштириш, уларни сақлаш, қайта ишлаш билан шуғулланувчи, шунингдек, “даладан-растагача” тамойили асосида қўшилган қиймат занжирини яратувчи мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) фаолиятига кўмаклашиш юзасидан амалга оширишимиз зарур бўлган чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳамда 163 та туманларида лойиҳа офислари фаолияти йўлга қўйилиб, малакали мутахассислар билан таъминланди. Таъкидлаш ўринлики, туманлар лойиҳа офисларида фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарининг мева-сабзавотчилик йўналишидаги бизнес режалари, лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича яхлит бир тизим яратилди. Бу орқали Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги фермерларга мева-сабзавотчилик соҳасида яқин ва ишончли кўмакчига айланмоқда.

Шунингдек, агентлик томонидан сифатли кўчатлар, уруғлар ва минерал ўғитлар етказиб бериш ҳамда малакали агроном маслаҳати хизматлари йўлга қўйилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қадоқлаш, қуритиш, сақлаш ва қайта ишлаш бўйича республикадаги 190 та корхонанинг рўйхати шакллантирилди. Шундан 110 та қурилиш ва қайта ишлаш корхоналари саралаб олинди. Натижада мазкур корхоналарнинг талаблари ўрганилиб, фермер, деҳқон, иссиқхона хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олиш бўйича фючер шартномаларини тузишга кўмаклашиш тизими яратилди.

Бигина боғдорчилик ва узумчилик соҳасидаги амалий ишлар мисолида тўхталадиган бўлсам, 2022 йилда республика ҳудудида 25 минг гектар боғ, 50 минг гектар узумзор барпо этиш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг 15 июнь ҳолатига (баҳорги экиш мавсумида) 19,5 минг гектар боғ, 21,7 минг гектар узумзор ташкил қилинди. Тажриба тариқасида Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида 50 гектар майдонда зайтун плантацияси барпо этилди. Республика бўйича боғ ва токзор ташкил қилиш мақсадида 48,3 миллион туп мевали дарахт ва узум кўчатлари етказиб берилди.

Юртимизда иссиқхоналар барпо этиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Агентлик иссиқхона хўжалиги соҳасида ҳам тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ҳозирда республикадаги 3 минг 148 та фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектларида жами 6,2 минг гектарга яқин иссиқхоналар мавжуд бўлиб, шундан 876 гектар ёки 17 фоизи гидропоника ва 4,3 минг гектар ёки 83 фоизи ерга экилган иссиқхоналарга тўғри келади.

Жорий йилда мамлакатимиз бўйлаб 737 гектар майдонда иссиқхона қуриш режалаштирилган. 2022 йил июнь ҳолатига 73 гектар ер майдонда қиймати 244 миллиард сўм бўлган замонавий иссиқхоналар ишга туширилиб, 467 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Бозорларимизда айрим сабзавот маҳсулотларининг нархлари ошиб кетгани кўпчиликни хавотирга солди. Айтингчи, аҳолини сифатли ва арзон сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан етарли даражада таъминлаш чоралари кўриляптими?

– Албатта, полиз ва сабзавотчилик маҳсулотлари энг зарур ҳаётий ва кундалик маҳсулотлар ҳисобланади. Сабзавотчиликни ривожлантириш агентлигимиз фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни рақамларда ифодалайдиган бўлсам, 2022 йил ҳосили учун асосий майдонларга 158,2 минг гектар сабзавот, 76,3 минг гектар полиз, 93,5 минг гектар картошка ҳамда боғ-ток қатори ораларига 84,1 минг гектар сабзавот, 11,5 гектар полиз, 13,5 минг гектар картошка экинлари экилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда агентлик ташаббуси билан ҳар бир сабзавот етиштирувчиларнинг ер майдонлари ўрганиб чиқилиб, тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, 100 миллион донага яқин сабзавот полиз кўчатлари интенсив усулда етиштирилиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказилди. Шунингдек, Бухоро вилоятида тажриба тариқасида Ҳиндистондан сабзи уруғлари олиб келиниб, 500 гектар ер майдонида экиш ишлари якунланди. 

Жорий йилда 163,1 минг тонна уруғлик картошка импорт қилиниши режалаштирилган. 2022 йил 25 апрель ҳолатига 51 минг тонна уруғлик картошка олиб келиниб, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда кластерларга етказиб берилди. Етиштирилган маҳсулотни сотиш мақсадида қайта ишловчи ва экспорт қилувчиларнинг талаблари асосида 1,5 миллион тонна сабзавот ва полиз маҳсулотлари учун буюртмалар шакллантирилди. Бу каби саъй-ҳаракатларимиз замирида, албатта, бозорларимизни, аҳолини зарур қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсади мужассам.

– Соҳа ривожида янги ёндашувларни қўллаш, бунинг учун халқаро даражадаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш муҳим, шундай эмасми?

– Дарҳақиқат, бугун халқаро майдонда фаол бўлиш, соҳалар кесимида илғор деб тан олинган хорижий мамлакатлар амалиётини ўрганиш, ўз навбатида, аниқ йўналишлар бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, самарали лойиҳаларни амалга ошириш – давр талаби. Шундан келиб чиқиб, агентлик айнан боғдорчилик, уруғчилик, кўчатчилик, сабзавотчилик, иссиқхона хўжалиги бўйича хорижий компаниялар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. 

Хусусан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), АҚШнинг USAID ташкилоти, Германиянинг GIZ, SES ташкилоти, Япониянинг JICA, Европа Иттифоқининг ASK ташкилоти, Испаниянинг Гедапса, Италиянинг FAGRI компанияси билан келишувларга эришилган. 

Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ўз олдига кўплаб режа ва мақсадларни қўйган. Энг асосий мақсад эса миришкор деҳқонларимиз, фермерларимизга яқин ва яхши кўмакчи бўлиб, уларнинг даромадини ошириш, аҳолига сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказишда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бу орқали мамлакат иқтисодиётида юқори кўрсаткичларни қайд этишда муносиб ҳисса қўшишдан иборат. 

 

                                         ЎзА мухбири

Муҳтарама Комилова 

суҳбатлашди